Арзонга баҳоланаётган ерлар, онкобеморлар тақдири ёхуд хусусийлаштириш... Ижтимоий тармоқда йўлланаётган эътирозларга жавоб берилди

ЖАМИЯТ 27.11.2022, 00:39
Арзонга баҳоланаётган ерлар, онкобеморлар тақдири ёхуд хусусийлаштириш...   Ижтимоий тармоқда йўлланаётган эътирозларга жавоб берилди

Арзонга баҳоланаётган ерлар, онкобеморлар тақдири ёхуд хусусийлаштириш... Айни кунларда шу масалаларга оид саволлар муҳокамалар марказида бўлиб турибди.

Хўш, Тошкентдаги онко-шифохоналар нима учун сотиляпти? Янги қурилиш қандай ҳужжатлар асосида олиб борилмоқда? Фақат биноларни қуриш онко-тиббиёт ечими бўладими? Журналистлар учун айни мавзуга оид пресс турда мутасаддилар ижтимоий тармоқни ларзага келтирган юқоридаги саволларга жавоб беришди.

Маълумот учун, айни кунларда пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Шифокорлар” кўчасида бирлашган онко-шифохоналар қурилмоқда. 

Ҳудуд 3 нуқта, яъни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, унинг пойтахт ҳамда Тошкент вилояти филиалини бирлаштиради.

У ерда Тошкент шаҳри ва вилояти фуқаролари учун тиббий йўлланмасиз, бошқа ҳудудлардан келган беморлар учун йўлланма асосида бепул тиббий хизмат кўрсатилиши кутилмоқда.

Амрилло Иноятов, 

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари:

— Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази 1968 йил барпо этилган бўлиб, бугунги кунга қадар бирор марта капитал таъмир ва реконструкция ишлари бажарилмаган. Фақат 2019 йил унинг ҳудудидаги Марказий поликлиникада таъмирлаш жараёнлари ўтказилган. Худди шундай Тошкент шаҳар филиали 2012, вилоят филиали 2008-2009 йилларда тўлиқ реконструкциядан чиқарилган.

Таъкидлаш жоизки, барпо этилаётган янги комплексда амалдаги марказда бўлмаган мутлақо  янги:

  • Стреотаксис радио-жарроҳлик (бош мия саратонини даволаш);
  • чизиқли тезлатгич орқали нур терапияси;
  • позитрон-эмиссион томография (ПЭТ-КТ);
  • ядро изотоплари билан ташхислаш ва даволаш амалга оширилувчи ядро тиббиёти;
  • юқори дозали кимё ва имунно терапияси;
  • куп функцияси ангиография (кам инвазив, эдовизуал ва интервенцион жарроҳлиги учун);
  • суяк ўзак ҳужайралари транплантацияси;
  • Молекуляр генетик лабаратория каби 10дан ортиқ янгибўлимлар ташкил этилади.


Хўш, қурилиш  ишлари ўзи қачон бошланган? Модомики қурилиш ишлари режа қилинган экан айни пайтда фаолият юритаётган марказларни сотишдан нима наф? Журналистлар қатор саволлар билан мутасаддиларга юзланишди.

А. Иноятов:

— Ҳозирда фаолият юритаётган учта онкология марказлари жаҳон стандартига жавоб бермайди. Бизнинг олдимизда замонавий онкология маркази қуриш вазифаси турибди. Янги марказ эски Онкология марказларини ўрнида эмас, бошқа жойда қурилмоқда. Эски онкология марказлари эса айни кунларда сотувга қўйилган. Эски марказлар сотилгандан сўнг ундан тушган пуллар янги қурилаётган марказ учун йўналтирилиши белгиланган.

Янги марказ қуриш учун айнан янги жой танлашимиз ҳам бежиз эмас. Чунки у ерда бутун бир тиббиёт академияси ва шифохоналар мавжуд. Биз бу билан тиббиёт соҳасига алоқадор бўлган бир нечта марказларни бир жойга тўплаяпмиз. Бундан мақсад юртдошларимизга қулайлик яратишдир. Эски онкология марказларидан бирининг ўрнига қурмаётганимизни сабаби – агар биз у ерда янгитдан бино қурушни бошласак жуда қимматга тушади. Ҳозирги қураётган марказимиздан бир неча баробар кўп маблағ сарфланади. Шунинг учун янги жойга қуришни мақул топдик. Буни Президентимиз ҳам маъқуллаган.

Бизга аён бўлган ахборотларга кўра, дастлаб президентнинг 2021 йил 28 майда кучга кирган қарорида янги жойга фақат Республика онкология ва радиология марказини кўчириш режалаштирилгани акс этади. Унда марказ Олмазорадаги Тошкент тиббиёт академияси поликлиникасининг бўш бўлган ҳудудида жойлашиши айтилган. 

Маълум бўлдики, ҳозирги шифохона бинолари янги мажмуа қуриш харажатларини қоплаш учун “Е-auksion” орқали онлайн ауцион учун сотувга қўйилган.

Хусусан, 9,4 гектар майдонни эгаллаган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази 281 млрд 784 млн сўм, марказнинг 4,6 гектар майдонда жойлашган Тошкент шаҳар филиали160 млрд 557 млн сўм ҳамда марказнинг 2,6 гектарли Тошкент вилояти филиали92 млрд 94 млн сўм бошланғич баҳода сотувга қўйилган. Барча объект бўйича ҳам савдолар 2022 йилнинг 12 декабрь куни нархи ошиб бориш тартибида ўтказилади.

Савдо бўйича аукционда ғолиб чиққан тадбиркор янги мажмуага кўчиб ўтиш тугагунига қадар икки ой давомида собиқ поликлиникалар ҳудудида ҳеч қандай қурилиш ишларини олиб бормаслик талаб этилади.

Буларнинг барчаси тушунарли аммо қурилиш кимга берилган. Жараён тендер асосида ўтказилганми ёки йўқ. Журналистлар томонидан бир неча маротаба йўлланган саволлардан сўнг масала ўз ечимини топгандек бўлди.

Мутасаддиларнинг маълумот беришича, янги бино қуриш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ қарори асосида “Mimar Group" масъулияти чекланган жамиятига берилган. Бу бўйича тендер ўтказилмаган, бироқ...

“Ишчи гуруҳ учта шифохонани бир жойга жамлаш концепциясининг аҳамиятини инобатга олган ҳолда халқаро тажрибани ўрганди ва орадан икки ой ўтиб, июль ойида марказнинг яна иккита шифохонасини қўшиш тўғрисида иккинчи қарор чиқди”,— деб тушунтиришди.

 Марказий Осиёда муқобили йўқлиги, бундай замонавий мажмуани қуриш учун ҳамма маҳаллий компаниялар ҳам етарли малакага эга эмаслигини таъкидлади.

“Ҳурматли президентимиз истисно тариқасида ҳукуматга энг яхши таклифни танлашга рухсат бериш ҳуқуқига эга. Сиз биздан яхши биласиз”, — деди Амрилло Иноятов.

Маълумот ўрнида, комплексда 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали ишга туширилади. Бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқалари унинг ўрнини тўлдириши натижасида даво муолажаси узлуксизлиги таъминланади.

Беморлар учун дори-дармон тайёрлаш ва етказишнинг янгича тизими амалиётга татбиқ этилади.

Комплекс неча ўринга мўлжалланган?

  • Бино — 8 қават;
  • стационар — 650 ўринли;
  • кундузги стационар — 100 ўринли;
  • поликлиника —  500 қатновга мўлжалланган.

Муассаса ишга тушгунга қадар 100 нафардан мутахассис Корея Республикаси ва Туркияда малака оширади. Бу жараён шахсан давлат раҳбари топшириғи асосида амалга оширилмоқда. 

Хусусан, президентнинг 29 ноябрь куни ўтказилган онкология ва эндокринология тиббиёт марказлари қурилишига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишув чоғида Шавкат Мирзиёев марказларга хориждан мутахассислар жалб этиш, шифокорларни жаҳон тиббиёти ютуқлари асосида қайта ўқитиш, илмий тадқиқотларни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берганди. 

Эслатиб ўтамиз, янги комплекснинг дастлабки қиймати 600млрд. сўмни ташкил этмоқда. Унга тиббий жиҳозларни жойлаштири учун Ислом тараққиёт банкининг 80 млн. доллари йўналтирилади.

Ҳудуд 2023 йилнинг май ойида ишга туширилиши кутилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1