1

Ўзбекистонда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилади

ЖАМИЯТ 29.11.2022, 10:20
Ўзбекистонда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилади

Бош прокуратура академияси қошида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилади. Бу бўйича президентнинг "Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Белгиланишича, Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиалини тугатилади ҳамда унинг штат бирликлари, ўқув ва моддий-техника базасини Академияга ўтказилади.
Академияда 2023-2024-ўқув йилидан бошлаб тергов фаолияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида олий таълимнинг икки босқичли тизими – бакалавриат ва магистратура бўйича тўлақонли ўқув жараёни ташкил этилади.

Маълум қилинишича, тергов фаолияти йўналишидаги ҳар йилги қабул квоталари бакалавриат дастури бўйича – 250 нафаргача талаба, магистратура дастури бўйича – 50 нафаргача олий юридик маълумотли ваколатли давлат органлари ходимларидан иборат бўлади.

Шунингдек, академияда таълим олиш муддати бакалавриат дастури бўйича – 3 йилни, тергов фаолияти йўналишидаги магистратура дастури бўйича – 1 йилни ташкил этиб, битирувчиларга олий юридик таълимнинг тегишли босқичини якунлаганлигини тасдиқловчи давлат намунасидаги дипломлар берилади.

Таълим муассасида ўқитиш давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади. Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича битирувчилари ваколатли давлат органларига хизматга (ҳарбий хизматга) қабул қилинганда фақат офицерлар таркибига кирувчи ёки даражали унвон берилиши кўзда тутилган лавозимларга тайинланади.

Шу билан бирга, давлат грантлари асосида ўқишни тамомлаган Академия бакалавриатининг битирувчиларига ваколатли давлат органларида камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

“Академияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод  қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади, унинг мақоми, транспорт ҳамда тиббий таъминоти шартлари олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбарлари билан тенглаштирилади”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, тергов фаолияти йўналиши бўйича магистратурага кундузги шаклда ўқишга қабул қилинган ваколатли давлат органлари ходимлари, шунингдек, бошқа мутахассисликлар бўйича магистратуранинг кундузги шаклига ўқишга қабул қилинган прокуратура органлари ходимларини ўқитиш бепул асосда амалга оширилади ҳамда уларнинг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даври мобайнида сақлаб қолинади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1