1

Тошкентда 170 та "мини-поликлиника" иш бошлайди

ЖАМИЯТ 29.11.2022, 14:57
Тошкентда 170 та "мини-поликлиника" иш бошлайди

️Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда тиббиётни ҳар бир хонадонгача яқинлаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш, жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳани ишлаб чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

️ “Тошкент тажрибаси”  лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 10 800 та кўп қаватли уй жойлашган маҳаллалар ҳудудида 170 та маҳалла тиббиёт пунктини барпо этиш ва 540 минг нафар аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш мақсад қилинган.

—  Мазкур лойиҳага Юнусобод тумани тажрибаси асос қилиб олинди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов. — Туманнинг Собиробод маҳалласида ўрнатилган тиббий контейнерда иш олиб бораётган маҳалла тиббиёт пункти фаолиятини кўриб чиқдик. Аҳоли бу ташаббусдан миннатдор.  Бу “мини-поликлиникада” битта тиббий бригада фаолият олиб боряпти.  

Таъкидланишича, тиббий контейнер барча зарур дори-дармонлар, керакли тиббий буюмлар, жумладан, ЭКГ ва кислород баллони каби ускуналар билан жиҳозланган. Иккита койкали, соат 8:00дан 20:00 гача ишловчи “кундузги стационар” эга “кичик шифохона”да умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира аҳолига мобиль тиббий хизмат кўрсатади.  

С️СВ бундай маҳалла тиббиёт пунктлари диспансер назоратида турган қариялар, ҳомиладор аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказишда умумий амалиёт шифокорига катта енгиллик беришини қайд этмоқда. Аҳоли оддий кўриклар учун ҳам поликлиникага қатнаш оворагарчиликларидан халос қилади.

 Лойиҳа доирасида йил охирига қадар 40 та контейнер жиҳозланиб пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли поликлиника ва 70 та оилавий поликлиника ихтиёрига топширилади.  

Улар пойтахтнинг аҳоли гавжум бўлган кўп қаватли уйлари ёнига ўрнатилиши мўлжалланган. Келгуси олти ойда эса 170 та ана шундай маҳалла тиббиёт пункти пойтахт аҳолисига хизмат кўрсатади.

Пойтахтда пилот тарзида амалга ошириладиган лойиҳа олти ойдан сўнг, натижалари таҳлил қилинган ҳолда, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этилади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1