АсосийSiyosat

5-6 декабрь кунлари Самарқандда "Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим" мавзусида Глобал форум бўлиб ўтади

'5-6 декабрь кунлари Самарқандда "Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим" мавзусида Глобал форум бўлиб ўтади'ning rasmi

2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида "Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим" мавзусидаги Глобал форум бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли халқаро анжуманниўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган. 

Глобал форумнинг Миллий ташкилотчиси – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади. 

Самарқанд Глобал форуми БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси; Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси; БМТнинг мамлакатимиздаги жамоаси; БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси; ЮНИСЕФ; Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси; ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси; Европа Кенгаши, Фридрих Эберт жамғармаси билан ҳамжиҳатликда ташкил этилмоқда.

Глобал форумда дунёнинг турли давлатларидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим мутахассислари, хорижий ва халқаро экспертлар, давлат органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, юқори лавозимли шахслар – жами 120 дан ортиқ хорижлик меҳмон иштирок этади. 

Самарқанд Глобал форумининг БМТ шафелигида гибрид форматда ўтказилиши бутун дунёдан янада кенг аудиторияга, соҳа мутахассисларига виртуал тарзда иштирок этиш ва муҳокама сессияларида қатнашиш имконини беради. 

Самарқанд Глобал форумининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати ўқиб эшиттирилиши ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг видеомурожаатлари намойиш этилиши, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Раиси Элчи Федерико Вильегас, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Директори Маттео Мекаччи, Европа Кенгаши Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича директорати Бош директори Якумопулос Кристоскириш сўзлари билан иштирок этиши кутилмоқда.

Глобал форум ишида Ўзбекистон томонидан – ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис палаталари ва қўмиталари раҳбарлари, вазирлик ва ташкилотлар, ўқув ва илмий-маърифий муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашади.

Глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 10 йиллигига бағишланади. Мазкур Декларация 2011 йил декабрида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган. 

БМТ Бош Ассамблеяси 2004 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини ҳам эълон қилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Жаҳон таълим дастури бажарилишинининг мувофиқлаштирувчиси этиб белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури – доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир.Ўтган даврда Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатлар учта босқичда бажарилди ва 2024 йилга қадар давом этадиган тўртинчи босқич изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Самарқанд Глобал форумининг асосий мақсади – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилиш, дан иборат. Шунингдек, айни соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимотини ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқилади. 

Глобал форумнинг биринчи ялпи мажлиси “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси: натижалар ва замонавий муаммолар” мавзусига бағишланади. Унда ушбу Декларациясини амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича самарали таълимни таъминлаш тамойиллари ва ёндашувлар, технологик ўзгаришлар негизида эришилган ютуқлар ва олинган сабоқлар, дунёнинг турли бурчакларида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида мавжуд замонавий муаммолар муҳокама қилинади.

Глобал форумнинг биринчи куни, шунингдек, 4 та параллел сессия ташкил этилади. 

Биринчи сессия: “Мактаб ёшидаги болалар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий муаммолар”;

Иккинчи сессия: “Олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий муаммолар (COVID-19, технологияларни ривожлантириш, интернет ресурслари, геосиёсат ва бошқалар)”;

Учинчи сессия: “Касбий институтлар (судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, адвокатура) орқали инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълимни таъминлаш: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий муаммолар”;

Тўртинчи сессия: “Фуқаролик жамияти учун инсон ҳуқуқлари бўйича норасмий таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий муаммолар (гендер, инклюзивлик, миграция ва оммавий ахборот воситаларига эътибор қаратган ҳолда)”.

Глобал форумнинг иккинчи куни “Халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш” мавзусидагииккинчи ялпи мажлис билан бошланади. Бунда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича халқаро, минтақавий ва миллий даражаларда фикр алмашиниб, тавсиялар ишлаб чиқилади. 

Параллел тадбир (Side-event)  доирасида “Инсон ҳуқуқлари бўйича мастер-класслар” ташкил этилади. Онлайн ва офлайн режимда турли гуруҳлар учун 6 та мавзуда маърузалар тингланади ва муҳокама қилинади.

Шу куни “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тадқиқотлар” мавзусидаги республика танлови ғолиблари ҳамда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросимлари ҳам бўлиб ўтади.

Глобал форум якунида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича якуний ҳужжатнинг тақдимоти ва қабул қилиниши кўзда тутилган.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар