Жорий йилнинг 9-10 декабрь кунлари Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Ху Чунхуа бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди.
Ташриф юзасидан Вазирлар Маҳкамасида 9 декабрь куни Бош вазир Абдулла Арипов Ху Чунхуа бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Хитой анъанавий равишда мамлакатимизнинг етакчи ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Маълумотларга кўра, 2021 йил якунида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси қарийб 8 млрд долларни ташкил этди. Давлат раҳбарлари ушбу кўрсаткични тез орада 10 млрд долларга етказишни белгилаб берган.
Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда 2 100 дан зиёд Хитой капитали иштирокидаги корхона фаолият юритяпти. Биргина 2022 йилнинг ўтган 10 ойида Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 218 та янги корхона ташкил этилди.
Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳаларидаги ҳамкорликни яна-да ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.






