АсосийJamiyat

Тошкент ва Нукусда ўтказилган 7 та фестивалда давлат харидлари бўйича қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди

'Тошкент ва Нукусда ўтказилган 7 та фестивалда давлат харидлари бўйича қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди'ning rasmi

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси буюртмачилигида “etender.uzex.uz” махсус ахборот порталига 8 та лот бўйича жами қиймати 5,8 млрд. сўмлик “Opera fest-2022”, “Music fest-2022”, “Food fest-2022”, “Art fest-2022”, “Dance fest-2022”  фестиваллари ва “Гуллар базми”, “Нукус 5 ташаббус-2022” тадбирларини ташкил этиш юзасидан давлат харидларини амалга оширишда қонунчилик талабларига риоя қилиниши ҳолати ўрганилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Агентлик матбуот хизмати хабар қилди. 

Ўрганишларга кўра, ушбу тадбирлар жорий йил май-сентябрь ойларида ўтказилган бўлишига қарамай, порталга 6 та лот бўйича 24 октябрь куни ва 2 та лот бўйича 3 ноябрь куни эълонлар жойлаштирилган.

Мазкур харидлар юзасидан 2 та тадбиркорлик субъекти ўзининг тижорат таклифлари билан иштирок этган (“М.C.”  ва “П.Э.” МЧЖлар) ва улар билан жами 5,7 млрд. сўмлик шартнома имзоланган.

Шундан 4 та лот бўйича “М.C.” МЧЖ билан 2,8 млрд. сўмлик ҳамда 4 та лот бўйича “П.Э.” МЧЖ билан 2,9 млрд. сўмлик шартномалар имзоланган.

Юқоридаги давлат харидларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 276-сон Қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилганлиги аниқланди.

Ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун жорий йил 9 декабрь куни Бош прокуратурага юборилди.

 

    Бошқа янгиликлар