Франциянинг бир қанча шаҳарларида Аргентина терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати финалида ғалаба қозонганидан сўнг, норози мухлислар томонидан тартибсизликлар бошланди, деб хабар берган Le Parisien.
Парижда, Елисей майдонида мухлислар полицияга қарата пиротехника отишди. Лион марказида ҳам ўйин тугаганидан тахминан йигирма дақиқа ўтиб тартибсизликлар бошланди. Префектура баёнотида айтилишича, агрессив одамлар гуруҳлари Плейс Беллекур яқинида полицияга "снарядлар" улоқтирган. Лионнинг марказий майдонида мухлислар ахлат қутиларига ўт қўйиб, полицияга тутунли бомба ва петардалар улоқтиришди. Хавфсизлик кучлари кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган.
Гренобл кўчаларида ҳам тартибсизликлар бўлиб ўтди - у ерда ахлат қутилари ва трамвай йўллари ҳам ёқиб юборилди, полицияга қарата петардалар отилди. Ниццада одамлар “полицияга ҳужум қилиб, Жан Медсен секторидаги ахлат қутиларига ўт қўйишди”, деди шаҳар мери Кристиан Эстроси. 300 га яқин одам кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган полиция билан тўқнашди. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришди.
Булон-сур-Мер шаҳридаги Плейс Дальтонда мухлислар полицияга тутунли бомба улоқтиришди, бир киши яраланди, шундан сўнг ўша ҳудудда полиция полиция томон катта тезликда машина ҳайдаб кетаётган эркакни ҳибсга олди.
Бордодаги Виктуар майдонида кичик гуруҳлар ахлат қутиларига ўт қўйишди ва полиция ходимларига шиша бутилкаларни улоқтиришди. Полиция етти кишини ҳибсга олди.
15 декабрь куни турнирнинг ярим финалида Франция терма жамоаси Марокаш устидан қозонилган ғалабадан кейин ҳам худди шундай воқеалар Франция кўчаларида бўлиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 18 декабрь куни Франция ва Аргентина терма жамоалари жаҳон чемпионати финалида майдонга тушишди. Асосий ва қўшимча вақт 3:3 ҳисобида якунланди. Пенальтилар серияси белгиланиб, Аргентина терма жамоаси ғалаба қозонди, ўйиннинг умумий ҳисоби 4:2 бўлди. Охирги марта Аргентина 1986 йилда жаҳон чемпиони бўлган ва бу унинг жаҳон чемпионатидаги учинчи ғалабаси - биринчиси 1978 йилда бўлган. Франция эса 1998 ва 2018 йилларда жаҳон чемпиони бўлган.