АсосийJamiyat

“Нима қиласиз ҳаммани чалғитиб, мени ёлғончига чиқариб...” Депутат вазир ўринбосари жавобига эътироз билдирди (видео)

'“Нима қиласиз ҳаммани чалғитиб, мени ёлғончига чиқариб...”  Депутат вазир ўринбосари жавобига эътироз билдирди (видео)'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек,  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди. Мажлисда бош молиявий ҳужжат лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, парламент вакилларининг берган саволларига Молия вазири Т.Ишметов, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари атрофлича жавоб қайтардилар.

Хусусан,  Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг айтишича, давлат бюджетидан утилизация йиғими учун сўралаётган 224,5 млрд сўм маблағ иккита маҳаллий ишлаб чиқарувчига тўлаб берилиши кўзда тутилган. Булар: 

 "UzavtoMotors" га 137,5 млрд сўм;  

 "SamAvto" га 87 млрд сўм.

Палата Мажлисида депутат Дониёр Ғаниев мазкур икки монопол ташкилотга давлат бюджетидан утилизация йиғими учун шунча маблағ ажратилиши нечоғлик мақсадга мувофиқлиги ҳақида изоҳ сўради. 

"Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ажратилган 224,5 млрд сўм UzAutoMotors'га эмас, балки маҳаллий экспортёрларнинг транспорт харажатлари учун ажратилган", -деди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов.

Депутат Дониёр Ғаниев масъулларнинг жавобидан қониқмади, эътирозларини билдирди. 

"Жуда катта эътироз билдираман жавобга. Мени тўғридан-тўғри ёлғончига айлантиряпсиз. Бу ерда ҳеч қанақа транспорт ёки текстили соҳадаги экспортёр ҳақида сўз кетмаган. Сиз нотўғри талқин қиляпсизлар деб, мени ёлғончига чиқаряпсиз, Мен вазир қўл қўйган, аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган тушунтириш хатини ўқиб беряпман. Нега сиз бошқа талқинда деб жавоб бериб, ҳаммани чалғитяпсиз. Нима кераги бор бунақа ёлғонни? Ундан кўра, тўғрисини айтаверинглар, дерамиз денглар, эътирозимиз йўқ, барибир берасизлар. Бу қанчалик тўғри ҳозирги вазиятда деб сўраяпсиз, холос. Бунинг учун ёлғон гапириб, гапни айлантириш керакмас", деди депутат Ғаниев. 

Мажлисда UzAutoMotors'дан бирор вакил бор-йўқлигини сўрашди, излашди, аммо ҳеч қандай вакил иштирок этмагани маълум бўлди.

 

    Бошқа янгиликлар