Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорлари ўртасида бизнес-форум бошланди. Йиғилишда Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев сўзга чиқди.
У Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Жумангарин Серик Макашевичга Қозоғистон делегацияси таркибида ушбу тадбирда шахсан иштирок этгани учун ўз миннатдорчилигини билдириб, қуйидаги фикрларни айтиб ўтди:
— Бундай беқарор даврда нафақат ўзаро ишонч ва ҳурматга, балки мустаҳкам дўстликка асосланган ҳамкорлик ҳам катта аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан ортиқ ўсди ва жорий йил охирига қадар бу кўрсаткич 5 миллиард долларга яқинлашади. Биз товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш, жумладан, фаол импорт ўрнини босиш орқали амалга ошириш вазифасини қўйганмиз. Бу мақсадни амалга ошириш учун яқин келажакда қўшма ташқи савдо компанияси ташкил этилади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари икки томонлама ҳамкорликни янада мустахкамлаш учун катализатор бўлмоқда. Сўнгги йилларда биз тобора кўпроқ соҳаларни қамраб олган минтақалараро шерикликни сезиларли даражада кенгайтиришга эришдик. Аммо икки мамлакатнинг тулик барча ҳудудлари қўшма лойиҳа ва ташаббусларда иштирок этиши учун алоқаларни янада ривожлантиришни давом эттириш муҳим.
Тошкент ва Туркистон, Навоий ва Қизилўрда вилоятлари ўртасида бутун йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш учун йўл хариталари имзоланади, - деди Ж.Хўжаев давом этаётган форум чоғида.
Шунингдек, Жамшид Хўжаев бир ой муддатда 2023-2024 йилларга мўлжалланган қўшма ҳудудлараро кўргазмалар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни таклиф қилди.






