Йил сўнгги — байрамга тайёргарлик кўриш билан биргаликда, албатта, йилни сарҳисоб қилиш вақти ҳамдир. Эришилган ютуқлар, бажарилган ишлар таҳлили ва келгуси йил учун режа тузаётганлар қаторида Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 302-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Дилноза Байназарова ҳам бор. У 2022 йилдаги фаолиятини ижобий натижалари билан ёдга олмоқда:
— Ўтиб бораётган 2022 йил касбий фаолиятимда ва ҳаётимда жуда катта из қолдирди, десам янглишмайман. Ўқувчиларим шаҳар миқёсидаги танловларда совринли ўринларни қўлга киритди.
Йил давомида Республика семинарларида иштирок этдим. Туман ва шаҳар миқёсида "Устозлар форуми"да тренерлик қилдим. Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури”лойиҳаси доирасида дарсликлар яратдик. Шу билан бирга тренерлик фаолиятимни ҳам давом эттириб, кўпгина маҳорат дарсларини шаҳар ва Республика миқёсида ўтказганимни катта ютуғим, деб ҳисоблайман. Оддий мактаб ўқитувчиси учун бу катта бахт!
25 йиллик стажим бўлса-да, магистратурада ўқиш орзуим эди ва мен бунга эришдим. Магистрлик дипломимни 5 балл билан ҳимоя қилдим.
Магистратурани тамомлаганимни эшитгач, университетда дарс беришга, тумандаги мактаблардан бирига раҳбарликка тавсия қилишди. Хусусий мактабларга ишга таклифлар бўлди. Лекин мактабимни, ўқувчиларимни (битирувчи синф 4-синф бўлганигами) ҳеч ҳам кўзим қиймади. Аллоҳга шукр қилсангиз барчасини барокатли қилиб берар экан, Вазирлар Маҳкамасининг дарс тақсимоти мезонлари асосида дарсларимни раҳбариятимиз 1 ставкадан ошиқ қилиб беришди, яна Директор жамғармаси томонидан бериладиган устамада мактаб мониторинги, туман мониторингидан аризам кўриб чиқилиб, 40 фоизлик устамага лойиқ деб топилдим. Хусусий мактаб ўқитувчилари билан тенг маош оляпман. Бу албатта, меҳнатларим самараси ва мактаб раҳбариятининг менга бўлган ишончи, деб ҳисоблайман.






