Ижтимоий тармоқларда ёш қиз мактабдан қайтишда дарёдан қайиқда сузиб ўтаётгани акс этган видео тарқалди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган дарёдан қайиқда сузиб ўтган ўқувчи қиз воқеасига вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Махмудалиев эътибор қаратган.
Вилоят раҳбари Гулистон тумани Соҳилобод маҳалласидаги 15-умумтаълим мактабига ташриф буюрди ва видеода акс этган ҳолат иштирокчиси, асли Тошкент вилояти Бекобод тумани Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Замира Тўйчиеванинг онаси билан самимий суҳбатда бўлган.
"Аввало, қизингизни жасоратини кўриб қойил қолдим. Илмга чанқоқлиги шундоққина кўриниб турипди. Чуқур таълим олиши учун қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатамиз!", — деди вилоят ҳокими.
Шунингдек, Замира Тўйчиевага ўқишда фойдаланиши учун ноутбук, китоблар жамланмаси ҳамда янги йил совғалари тортиқ этилган.






