1

Сарҳисоб: 2022 йилда ўзбек спортида қандай ютуқлар бўлди

СПОРТ 28.12.2022, 15:57
Сарҳисоб: 2022 йилда ўзбек спортида қандай ютуқлар бўлди

2022 йил ўзбек спорти учун улкан ютуқларга бой бўлди. Шунингдек, Тошкент бир қатор йирик тадбирларга мезбонлик қилди. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси якунига етиб бораётган жорий йил Ўзбекистон спорти учун аҳамиятли бўлган спорт тадбирлари, мусобақалар ва унда атлетларимиз қайд этган натижалар ҳақидаги маълумот тақдим этмоқда. 

  • 20-30 январь кунлари Тошкентда бокс бўйича U22 ёш тоифасида илк бор ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 16 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза, жами 20 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
  • 27 март санасида пойтахтда ШҲТ билан ҳамкорликда “Наврўз” IV халқаро марафони ташкил этилди.
  • 2-10 апрель кунлари БААда қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда ҳамюртимиз Зуҳриддин Қодиров ғалаба қозониб, мустақил Ўзбекистон тарихида ушбу спорт турида дунё биринчилигида олтин медални қўлга киритган илк спортчига айланди. Шунингдек, Зайнаб Дайибекова бронза медалига сазовор бўлди.
  • 6-7 май кунлари “Ўзбекистон” Форумлар саройида мамлакатимизда илк бор Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди.
  • 19-21 май санасида пойтахтимизда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг жисмоний тарбия ва спорт бўйича вазирлик ҳамда идоралари раҳбарларининг йиғилиши ўтказилди.
  • 1-19 июнь кунлари Тошкентда футбол бўйича U23 Осиё кубоги ўтказилиб, унда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси финалгача етиб борди ва кумуш медални қўлга киритди.
  • 7-17 июлда АҚШнинг Бирмингем шаҳрида Бутунжаҳон спорт ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Дарья Латишева (ушу) кумуш, Достон Отаболаев (каратэ) бронза медалига сазовор бўлди.
  • 15-25 июль, Тошкент. Оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ташкил этилди. Ҳар икки терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади
  • 27 июль – 8 август кунлари Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида IV Осиё болалари ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси 41 та олтин, 28 та кумуш ва 45 та бронза, жами 114 та медаль билан умумжамоа ҳисобида иккинчи бўлди.
  • 28 июль – 10 август кунлари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси тарихий ғалабага эришди.
  • 5-21 август саналарида Туркиянинг Конья шаҳрида V Ислом бирдамлиги ўйинлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегацияси ушбу мусобақада 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза, жами 158 та медаль билан мусобақа тарихида илк бор иккинчи ўринни эгаллади.
  • 6 август куни Колумбиянинг Кали шаҳрида енгил атлетикачимиз Шарифа Давронова ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида уч ҳатлаб сакраш дастурида ғалаба қозонди.
  • 9-10 сентябрь кунлари Тошкентда минтақанинг таниқли спортчилари иштирокида «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари» тадбири ўтказилди.
  • 6-13 октябрь кунлари “Ҳумо арена” дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Юртимизда ташкил этилган илк дунё биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
  • 6-16 октябрь санасида Баҳрайн Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Унда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 6 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
  • 30 октябрь - 12 ноябрь кунлари Иорданияда бокс бўйича Осиё чемпионати ўтказилди. Унда 5 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
  • 9 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев «Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинлари учун қад рослайдиган Олимпия шаҳарчасининг қурилишига тамал тошини қўйди.
  • 13-20 ноябрь саналарида Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида таэквондо WТ бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин,        1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини жамғарди. Ҳамюртимиз Светлана Осипова олтин медални қўлга киритган илк таэквондочи қизимизга айланди.
  • 3 декабрь куни футбол бўйича Ўзбекистон ампутантлар терма жамоасига Президент совғаси – «Cobalt» автомобиллари топширилди.
  • 5-16 декабрь кунлари Колумбияда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларига эга бўлди. -109 кг вазн тоифасида ғалаба қозонган Руслан Нурудинов икки карра жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

 

2023 йил ҳам Ўзбекистон делегациясини бир қатор комплекс мусобақалар, терма жамоаларимизни эса қитъа ва жаҳон чемпионатлари каби йирик мусобақалар кутиб турибди. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1