АсосийJamiyat

Манфаатлар тўқнашуви. Коррупциянинг бу турига қарши қандай курашамиз?

'Манфаатлар тўқнашуви. Коррупциянинг бу турига қарши қандай курашамиз?'ning rasmi

Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир.

Таъкидлаш лозимки, коррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг саналиб, мазкур иллат давлатнинг турли соҳаларига, хусусан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Шу боис, ривожланган давлатлар томонидан коррупцияга қарши курашишда самарали усуллар ва механизмларни аниқлаш ва уни амалиётга жорий қилиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада манфаатлар тўқнашувига алоҳида тўхталиш лозим.

Бугунги кунда илғор хорижий давлатларнинг коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш жараёнида қўллаётган усулларидан бири бу давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ҳамда катта ҳажмдаги харажатларини декларация қилишнинг мажбурий этиб белгиланганлигидир.

Бундан кўзланган асосий мақсад мансабдор шахсларнинг ноқонуний даромад олишини олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишдан иборатдир. Давлат хизматида ушбу усул бугунги кунда 150 дан ортиқ мамлакатда қўлланилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлат хизматчиларининг мулкий декларация тизими коррупциянинг олдини олиш, ноқонуний бойиш ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашнинг қудратли воситасидир. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг аксариятида активларни декларациялашнинг кенг жамоатчилик учун ошкора тизими йўлга қўйилган. Коррупцияга қарши амалдаги халқаро стандартлар, жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва бошқа қатор ҳуқуқий ҳужжатларда давлат хизматчилари томонидан активларнинг эълон қилиниши коррупцияга қарши самарали восита экани эътироф этилган.

Бу борада Дания тажрибасига кўра, 2002 йилда қабул қилинган “Коррупция тўғрисида” ги Дания Қонуни коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирларининг устуворлигини белгиловчи, таъсирчан огоҳлантирувчи хусусиятга эга бўлган асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. Хусусан, ушбу қонуннинг қоидалари Дания ҳукумати вакилларини ҳар йили ўз мол-мулки ва шахсий даромадлари тўғрисидаги маълумотларни нашр этишга, хорижий компанияларда акцияларга эга бўлишни тақиқлашга мажбур қилади, бу уларнинг бошқарув фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлигини, коррупцион ҳолатларини олдини олишга ёрдам беради.

Коррупцияни олдини олишнинг муҳим омили шундаки, мамлакатда давлат хизматчилари юқори даражадаги ижтимоий муҳофазага эга: улар бепул тиббий хизмат ва таълим олиш ҳуқуқига ва ижтимоий кафолатларга таянишлари мумкин, бу эса коррупцион ҳаракатлар эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради.

Бундан ташқари, Финляндияда Молия вазирлиги давлат хизматчилари ахлоқининг асосий мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланиши билан характерлидир. Молия вазирлиги ҳукумат амалдорлари учун имтиёзлар ва совғаларни бериш ва олиш тартибини белгилайди, шунингдек давлат хизматчилари даромадларини текшириш ваколатига ҳам эга. Финляндия миллий тафтиш бюроси эса мамлакатда коррупцияни олдини олиш мақсадида йилда икки маротаба марказий ҳукумат молиясини текширади, солиқ сиёсатини назорат қилади ва сиёсий партиялар ва сайлов компаниясини молиялаштиришни назорат қилади.

Давлат органи ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувига барҳам беришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари жорий этилиши кун тартибининг бошида турибди. Зеро, айнан шу механизм давлат хизмати тизимида коррупциянинг олдини олишнинг самарали усули бўлиши шубҳасиз. 

Ҳар қандай манфаатлар тўқнашуви ҳолатларидаги коллизиялар қонунийлик ва давлат институтларига бўлган ишончни пасайтиради ҳамда одамларда давлат фаолияти самарадорлиги ҳақида салбий тасаввурни шакллантиради. 

Шу боис манфаатлар тўқнашувининг олдини олишнинг самарали тизимини яратиш, бу борада кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий илғор тажрибани ўрганиш орқали ушбу йўналишдаги стандартларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. 

Жаҳон амалиётида “манфаатлар тўқнашуви” атамасига оид турли таърифлар мавжуд. Бироқ, уларнинг мазмун-моҳияти бир-бирига яқин, яъни мансабдор шахснинг давлат мажбурияти ва шахсий манфаатлари ўртасидаги зиддият – шахсий манфаатдорлик мансабдор шахснинг хизмат вазифалари ва мажбуриятларини лозим даражада бажаришга таъсир кўрсатиши сифатида изоҳланади.

Хусусан, БМТ Коррупцияга қарши конвенциясининг давлат сектори, давлат мансабдор шахсларининг одоб-ахлоқ кодекси ва хусусий секторга оид моддаларида давлат ва хусусий секторларда манфаатлар коллизияси ҳақида огоҳлантириш ва ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни давлат томонидан қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги белгиланган.

Хорижий мамлакатларнинг миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида бу алоҳида қонунлар билан тартибга солинган. Жумладан, Чехия ва Латвия Республикаларининг манфаатлар тўқнашувини бошқаришга оид қонунчилигида давлат мансабдор шахсларга нисбатан чекловлар, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ҳамда ушбу соҳада ваколатли давлат органлари белгиланган.

Дарҳақиқат, лойиҳада манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муаммоларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари аниқ белгиланган. 

Манфаатлар тўқнашуви тушунчасига аниқ таъриф берилган бўлиб, унга кўра, манфаатлар тўқнашуви давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган вазият, дея таъриф берилмоқда. 

Давлат ташкилоти ходимлари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чоралар устидан юқори турувчи давлат ташкилотига, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланмоқда. 

Давлат ташкилоти ходимлари мавжуд манфаатлар тўқнашувида ўзининг иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилинишидан олдин бевосита раҳбарига ёки махсус бўлинмага хабар бериши керак. Бундан ташқари, давлат ташкилотининг бошқа ходимлари бўйича ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериши мажбурий этиб белгиланмоқда. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда. 

Агентликка давлат ташкилотларининг манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш юклатилмоқда. Бу борада давлат ташкилотининг фаолияти ўрганилади, аниқланган ҳолатлар ҳақида хабарнома, тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация ҳамда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди. 

Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, битим, буйруқ ва бошқа ҳужжатни бекор қилиш тўғрисида давлат ташкилотига тақдимнома ёки уларни ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича судга даъво киритиш каби бир қатор ваколатлар берилмоқда. 

Манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, давлат органи ходимларининг манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги учун – БҲМнинг 3 бараваридан 
5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин. (Такроран бўлса – БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача), мансабдор шахсларнинг ушбу вазиятни тартибга солмаганлиги учун – БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима (такроран бўлса – БҲМнинг 10 баравардан 15 бараваригача) жазосини белгилаш назарда тутилмоқда. 

Бунда маъмурий баённома тузиш ва судга юбориш ваколати Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилмоқда.

Яқинда мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларида коррупциявий омилларнинг камайишига, давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга хизмат қилади. Бундай ҳолатларни аниқлаш ва тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ белгилаш, давлат хизматида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликнинг олдини олишга замин яратади.

Бош прокуратуранинг         
Жамоатчилик билан алоқалар ва          
ҳуқуқий ахборот бўлими прокурори          

Дилрабо Ҳамдамова Равшанбек қизи

    Бошқа янгиликлар