Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 2 январь куни бозордаги сотувчилар жанжал чиқарди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ расмий муносабат билдирди.
Мазкур ҳолат Қамаши туманининг “Алишер Навоий” МФЙ ҳудудидаги “Файз” деҳқон бозори атрофида соат 10:30 ларда содир бўлган. Туман ҳокимининг ўринбосари М.Н. ва бозор раҳбари А.А.лар ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб бориш ҳамда бозор атрофига бетон ариқ ўрнатиш мақсадида Ободонлаштириш бўлимига қарашли экскаватор машинасини ишлатаётган вақтида бозорда савдо ишлари билан шуғулланувчи Қ.С., Б.Н., Т.З. ва И.А. ҳеч бир сабабсиз жанжал чиқарган.
Жанжал вақтида фуқаролар Т.З. ва Б.Н. қўллари билан ҳоким ўринбосари М.Н.ни қасддан бир неча маротаба уриб, экскаватор машинаси ойнасига тош отиб синдирган. Бундан ташқари, “Файз” МЧЖ раҳбари А.А.га тегишли Nexia-2 русумли автомашинага зарар етказиб, фуқароларни фаол қаршилик кўрсатишга жалб қилган.
Воқеа жойига Қамаши туман ИИБ ходимлари чиқиб, фуқароларни тинчлантириб, жамоат тартиби сақлашга эришган.
Ҳозирда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






