4 январдан бошлаб "UzAuto Motors SAP" ҳисоб дастурий таъминотини амалга ошириш ва маҳсулот инвентаризациясини ўтказаётганлиги муносабати билан, ушбу муддатда контрактация шартномасини тузиш, барча автомобилларни топшириш ва тўловларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда компания расмий хабар бермоқда.
Бундан ташқари, дастурий таъминотни ишга тушириш тадбирларининг ўтказилиши муносабати билан "UzAvtoSavdo" иловаси фаолияти ҳам вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин.
Қайд этилишича, дастурий таъминотни янгилаш ва инвентаризация ишлари якунлангандан сўнг, контрактация шартномаларини тузиш, олдиндан тўловни қабул қилиш ва автомобилни етказиб бериш тўлиқ ҳажмда қайта тикланади.
"2022 йил, янги йил арафасида автомобиль етказиб бериш бўйича шартнома тузган ва 7 кун ичида олдиндан тўловни амалга ошира олмаган шахслар иш қайта тикланганидан сўнг, автомобиль учун олдиндан тўловни амалга ошириши мумкин. Шу билан бирга, улар томонидан автомобиль етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар ўз кучида қолади, фақат олдиндан тўлов муддати узайтирилади.
"UzAuto Motors" компанияси истеъмолчилардан 4-5 кун давом этиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликларни тушунишларини сўраб қолади", - дейилади расмий хабарда.






