Жорий йилнинг 4 январь куни Жиззахдаги манзил-колониядан 2 маҳбуснинг қочиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Қочоқлар Зафаробод туманида жойлашган 30-сон жазони ижро этиш манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган бўлган.
ИИВ ЖИЭД Ахборот хизматининг хабар беришича, тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида жорий йилнинг 5 дан 6-январга ўтар кечаси маҳкумлар Н.М. ва К.А. Андижон вилоятининг чегара ҳудудларидан бирида жамоатчилик ёрдамида қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилганлар.
Ҳолат юзасидан текширув тайинланган бўлиб, жазони ижро этиш муассасасини рухсатсиз тарк этган маҳкумларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 114-моддасига кўра жазони ижро этиш муассасаси ҳисобланган манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар колония ҳудуди доирасида соқчисиз, эркин юриш, ишлаш, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз ҳаракатланиш ҳуқуқидан фойдаланадилар.
Қайд этилишича, белгиланган тартибни бузган маҳкумлар қатъий назорат остига, яъни илгари жазо муддатини ўтаган умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колонияларга қайтариладилар.