2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиали ташкил этилади. Бу ҳақда «ЎзА» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
СамДТУ Жиззах филиалининг асосий вазифалари ҳудудда малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш кабилардан иборат.
Шунингдек, фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишлари тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммолар ечимига қаратилиб, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлиги йўлга қўйилади.
Хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш ва ривожлантириш асосий вазифалардан ҳисобланади.
Республика ва хорижий олий таълим муассасалари, илмий марказларга иқтидорли ёш битирувчиларни магистратура, докторантурага мунтазам юбориш орқали филиалда илмий-педагогик кадрлар салоҳиятини ошириб бориш ҳам кўзда тутилган.
СамДТУ Жиззах филиалининг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибаларни татбиқ этиш ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2023-2024 ўқув йилидан Жиззах давлат педагогика университетининг “Даволаш иши” ва “Педиатрия иши” бакалавриат таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини СамДТУнинг Жиззах филиалида давом эттиришларига рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда вилоятда Жиззах давлат педагогика университети, политехника институти, Sambharm университети, Ўзбекистон Миллий ҳамда Қозон Федерал университетларининг Жиззах филиаллари фаолият олиб бормоқда.