АсосийJamiyat

ОАВда дори рекламасини чеклаш керак — "Юксалиш"

'ОАВда дори рекламасини чеклаш керак — "Юксалиш"'ning rasmi

"Док-1 Макс" истеъмоли натижасида болаларнинг ҳаётдан кўз юмгани Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида муаммолар мавжудлигини кўрсатиб берди, дея маълум қилди «Юксалиш» ҳаракати. У дориларни назоратсиз қўллаш масаласини кўриб чиқиш ва ОАВда улар рекламасини чеклашни таклиф қилди.

"Док-1 Макс" препаратини қабул қилиш оқибатида болалар ҳаётдан кўз юмгани Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида муаммолар мавжудлигини кўрсатиб берди, дея маълум қилди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати. Фақатгина барча томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқалигина келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мумкин, дея ишонч билдирилди якшанба куни эълон қилинган баёнотда.

Биринчидан, дори воситаларини назоратсиз қўллаш амалиётини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди ҳаракат. Чунки бугун фуқаролар қайси дорини ичиш бўйича кўпинча шифокор билан эмас, дорихона сотувчилари билан маслаҳатлашмоқда. «Кўплаб дори воситаларини шифокор рецептисиз осонгина аптекадан харид қилишимиз мумкин ва бу дорилардан нотўғри фойдаланиш хавфини яратмоқда», — дейилади хабарда.

Турли мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, шифохоналарга ётқизилган беморларнинг ўртача 10−20 фоизида дорилар ножўя таъсир қилганлик ҳолати кузатилади, қизиғи, ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич икки баравар юқорини ташкил қилади. 2008−2018 йилларда Ўзбекистонда дори воситалари билан ўзини ўзи даволаш натижасида соғлиқнинг ёмонлашганлиги билан боғлиқ 2300 та ҳолат рўйхатга олинган.

Шунинг учун, аввал, оммавий ахборот воситаларида дориларнинг бевосита рекламасига чекловлар жорий этиш зарур, деб ҳисоблайди ҳаракат. Хусусан, дори воситалари рекламасини фақат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рухсати билан амалга ошириш.

«ЖССТ маълумотларига кўра, дори воситаларини назоратсиз қўллаш ва ўзини ўзи даволаш даражасининг ошиши айнан реклама билан боғлиқдир. Бундай даволаниш натижасидаги ўлим ҳолатлари жароҳатлар, қон айланиш касалликлари, онкологик ва пульмонологик касалликлардан кейин 5-ўринда туради. Албатта, истеъмолчилар дори-дармонларни қўллашдан келиб чиқадиган ножўя таъсирлар, уларнинг мувофиқлиги ва организмнинг индивидуал реакцияси хавфини баҳолай олмайди», — дейилади хабарда.

Одамлар дори-дармонларга оддий истеъмол товари сифатида қарамоқда ва бу — вазиятни янада оғирлаштиради. Шунинг учун мазкур масала ҳар 100 минг аҳолига ўртача 25−27 та дорихона тўғри келадиган Ўзбекистон учун долзарбдир.

Иккинчидан, дори воситаларининг рекламасига оид қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилинмоқда.

Ўтган йили «Реклама тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. «Унда дори воситаларининг рекламасига оид аниқ тартиблар белгиланган бўлса-да, биз ҳар куни телевидение, радио ва бошқа турдаги рекламаларда қонун талабларининг бузилишини кузатяпмиз. Фармкомпаниялар қонун талабларига беписандлик билан ёндашаётганларини кўряпмиз», — дея маълум қилинди.

    Бошқа янгиликлар