Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмларнинг бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 20 ёшли йигитнинг вафот этгани юзасидан хабар тарқалди.
Маълум қилинишича, 12 январь куни Қарши шаҳрида яшаган йигитнинг жасади уйига келган. У Тошкент вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. Марҳум М.И. 2022 йилнинг май ойида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган. Йигитнинг отаси унинг боришига норози бўлган, аммо йигит армияга бориш орзуси борлигини айтиб, хизматга кетган.
Марҳумнинг яқинлари йигит хизматда уриб ўлдирилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Унинг онасига аввалига ўғли ўз жонига қасд қилгани, кейин эса эҳтиётсизлик оқибатида вафот этгани ҳақида айтишган. Ҳодиса ҳақида "Миллар" дастурида хабар берилгач, айни пайтда ҳолат юзасидан Бош прокуратура ва Мудофаа вазирлиги томонидан муносабат билдирилди.
"Ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Натижалари ҳақида хабар қилинади", - дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек:
"Ҳолат юзасидан Қуролли Кучлар Суд тиббий экспертиза маркази мутахассислари томонидан тиббий экспертиза ўтказилган ҳамда Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Текшириш натижаси ҳақида қўшимча ахборот тақдим этилади", - дейилган Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати муносабатида.