Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Остонадаги шифохоналардан бирига ётқизилди. Шифокорларнинг айтишича, юрак операцияси бўлиши мумкин.
Қозоғистон медиа менежери Александр Аксютиц собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг касалхонага ётқизилиши ва унинг мумкин бўлган операцияси ҳақида маълум қилган.
“Менинг манбаларим Нурсултон Назарбоевнинг Остонадаги шифохоналардан бирига ётқизилганини айтди. У юракнинг кенг қамровли текширувидан ўтади. Тиббиёт ходимларининг айтишича, жарроҳлик аралашуви бўлиши мумкин”, — деб ёзди Аксютиц ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумот учун, Назарбоев ҳозир 82 ёшда.
Эслатиб ўтамиз, сал аввал Қозоғистон Конституциявий суди “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти — Элбоши тўғрисида”ги қонунни ўз кучини йўқотган, деб топиш ҳақида қарор қабул қилди. Унга кўра, Назарбоевнинг миллат етакчиси мақоми бекор қилинди.