Ижтимоий тармоқларда Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев Тошкент шаҳар ҳокими бўлиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Кушербаев ўзи ҳақида тарқалган ушбу миш-мишларга ойдинлик киритди.
"Эрталаб турсам, шунақа гаплар тарқаб кетибди. Мен ўзим ҳам ҳайрон бўлдим. Бу одамларнинг хоҳиши бўлиши мумкин. Лекин аниқки, раҳбариятнинг хоҳиши эмас. Раҳбарият менимча буни хоҳламайди.
Чунки ҳокимларга бўладиган қонуний топшириқлардан кўра, ноқонуний топшириқлар жуда ҳам кўп. Ҳокимлар ўзлари истаган, истамаган тақдирда ҳам шунақа топшириқларни бажаришга мажбур. Масалан ўтган йили ШҲТнинг Самарқандда ўтказилган йиғилиши арафасида булар (катталар назарда тутилмоқда)темир йўл орқали боришади, деб ўйлашиб, ҳукумат топшириғи билан 10-15 кун муддатда темир йўл атрофидаги кўп жойларни буздириб ташлашди", - дейди у.
Р.Кушербаевнинг қайд этишича, ваҳолангки, қонун бўйича ва ҳукуматнинг ўзи чиқарган 465-сонли қарорга кўра, қурилмаларни бузиш ҳақидаги суд қарори чиққунга қадар бўладиган муддатга 1 ёки 1 ярим ой муддат талаб этилади.
"Бу қонуний йўли. Янгийўл шаҳар ҳокимлиги ҳукуматнинг топшириғи деб, 10-15 кунда "губуллатиб" бузиб ташлади. Бу ҳукуматнинг топшириғи бўлгани учун барча тегишли органлар бунга кўзини юмди", дейди Кушербаев.






