Қирғизистон жанубида Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмалари Миллий хавфсизлик хизмати биносига бостириб кирди.
Қирғизистондаги бир қатор оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб, Ўш шаҳридаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бош бошқармаси биносига Ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмаси бостириб киргани ҳақида хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида у ерга 10 дан ортиқ одам етиб келди.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бинода Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ҳибсга олинмоқда.
Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмалари Ўш шаҳар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб киргани ҳақида Kaktus.media ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига таяниб хабар қилди.
Унга кўра, 20 январь куни ИИВ махсус бўлинмасининг 20 га яқин ходими жанубий пойтахтда жойлашган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўш вилояти бўйича биносига бостириб кирган.
Терговни Қирғизистон Бош прокуратураси олиб бормоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, хавфсизлик кучлари томонидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вилоят бўйича терговчиси ўта йирик миқдорда пора олишда гумонланиб, қўлга олинмоқда.
Айни дамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносида иш олиб борилмоқда. Кириш жойида икки ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари ўртасида ўзаро жанжал келиб чиққан.






