Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан айни пайтда Бош вазир Абдулла Арипов раислигида мамлакатимизда давом этаётган аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлмоқда.
Президентимиз топшириғи билан ўтказилаётган мажлисда бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилгани маълум қилинди.
Шу боис, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров, Хидоятов) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ушбу 31 мингта уйларнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминлашни назарда тутувчи дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилди.






