Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги “Янги Ўзбекистон” университетида ўқишга ҳужжатлар қабули жорий йилнинг 12 январь кунидан бошланди ҳамда ҳужжатлар қабули жорий йилнинг август ойига қадар давом этиши режалаштирилмоқда.
Эндиликда талабалар 2023/2024 ўқув йилидан бакалавр босқичида мазкур йўналишларда таълим олишлари мумкин: Кимё ва илғор материаллар муҳандислиги, Механика муҳандислиги, Электр муҳандислиги, Дастурий таъминот муҳандислиги, Киберхавфсизлик, Сунъий интеллект ва робототехника, Амалий математика, Иқтисодиёт ва маълумотлар таҳлили, Педагогика ва Саноат бошқаруви. Ўқишга ариза топширмоқчи бўлган абитуриентлар newuu.uz сайтига кириб, қабул порталига сўралган маълумотларни киритишлари керак бўлади.
Ўқишга ариза топширган абитуриентлар имтиҳонларни ўз хоҳишига кўра, февраль, май ёки август ойида топширишлари мумкин. Шунингдек, талабгорлар имтиҳонларда бир неча марта қатнашишлари мумкин. Мисол учун, февраль ойида имтиҳонларга қатнашган ва кириш имтиҳонларидан олган балидан қониқмаган талабгор май ва август ойларида қайта имтиҳон топшириш ҳуҳуқига эгадир.
Кириш имтиҳонларидан ташқари талабгорлар тил билиш сертификатини ҳам тақдим этишлари керак. Агар талабгор ҳозирги кунда тил билиш сертификатига эга бўлмаса, жорий йилнинг 5 сентябрига қадар мазкур сертификатни тақдим этиши сўралади.
Ҳозирда техникум ва лицейларнинг битирувчи курс талабалари ҳамда умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари “Янги Ўзбекистон” университетига ўқишга ариза топшириб, муддатидан аввал талаба бўлиш имконига эгадирлар. Бунинг учун улардан ўқишга ариза топшириш жараёнида битирувчи синф ёки курс эканлигини тасдиқловчи маълумотномани юклашлари талаб этилади.
Ушбу университетга имтиҳонлар йўналишлар кесимида қуйидаги фанлардан ўтказилади Кимё ва илғор материаллар муҳандислиги учун Математика ва мантиқий фикрлаш ҳамда Кимё фанларидан, Механика муҳандислиги, Электр муҳандислиги Дастурий таъминот муҳандислиги, Киберхавфсизлик ҳамда Сунъий интеллект ва робототехника йўналишларига Математика ва мантиқий фикрлаш ва Физика фанларидан ўтказилади.
Шунингдек, амалий математика, Иқтисодиёт ва маълумотлар таҳлили, Педагогика ва Саноат бошқаруви йўналишларида эса Математика ва мантиқий фикрлаш фанидан имтиҳонлар ўтказилади.