АсосийJamiyat

Йиғилишда 4- ва 5-тоифаларга кирган оғир туманлар ҳокимларига қатъий топшириқлар берилди

'Йиғилишда 4- ва 5-тоифаларга кирган оғир туманлар ҳокимларига қатъий топшириқлар берилди'ning rasmi

Йиғилишда бандликни таъминлашда аҳолига тарқатилган ерлардан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Икки йил ичида аҳолига бериладиган ерлар 200 минг гектардан ошади. Бу – Самарқанд вилоятининг жами пахта ва ғалла еридан кўп майдон.

Лекин, бу йил ажратилиши керак бўлган ерларни кўпи ҳали захирага олинмаган, ишлар пала-партиш ташкил қилинаяпти. Маҳалланинг ичидаги кичик-кичик қулай майдонлар қолиб, даланинг ўртасидаги катта ерларни ажратиш ҳолатлари ҳам бор.

Шу муносабат билан мутасаддиларга:

- ҳар бир маҳаллага “уста деҳқонлар”ни жалб қилиб, ушбу ер майдонларида фақат экспортбоп-бозорбоп маҳсулотлар етиштирилишига эътибор қаратиш;

- ҳар бир туман агрологистика марказлари ва экспортёрлар билан шартномалар тузилишини таъминлаш топширилди.

Бу ерлардан самарали фойдаланиб, камида 1 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Янги тизимга кўра, туманлар алоҳида тоифаларга ажратилди. Йиғилишда 4 ва 5-тоифаларга кирган оғир туманлар ҳокимлари ўз иш услублари ва ёндашувларини ўзгартириши шартлиги қайд этилди.

Масалан, бугун Сурхондарёнинг барча туманларига республикадан тажрибали кадрлар ҳоким қилиб қўйилди.

Шу билан бирга, ушбу туманларда камбағалликни қисқартириш ишлари ҳам янгича ташкил қилинади. Бунда:

- биринчи босқичда “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади;

- иккинчи босқичда ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлари тузилади;

- учинчи босқичда оила учун касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилади.

    Бошқа янгиликлар