1

Марказий банк асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

ИҚТИСОДИЁТ 26.01.2023, 12:21
Марказий банк асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк Бошқаруви бугун, 26 январда асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарор қабул қилди. 

Маълум қилинишича, асосий ставканинг жорий даражаси иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш учун етарли, деб баҳоланмоқда. Иқтисодий вазиятнинг ривожланиб бориши ва фискал сиёсат хусусиятидан келиб чиқиб, келгуси чоракларда талаб ва таклифни мувозанатлаштириш учун қўшимча чоралар кўриш зарурати юзага келиши мумкин.

Сўнгги чоракларда барқарор юқори иқтисодий ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Марказлашган инвестицияларнинг мувозанатлашуви шароитида ялпи истеъмолнинг ўсиши талабни шакллантирувчи асосий омиллардан бўлди. 2022 йил якуни бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банкнинг октябрь ойидаги прогнозларига мос бўлиб, 5,7 фоизни ташкил этди.

Жорий йилда фискал рағбатлантиришларнинг нисбатан мувозанатлашуви кутилиётган бўлса-да, ўтган 3 йилда кузатилган юқори фискал дефицитнинг ялпи талабни қўллаб-қувватловчи таъсирлари сақланиб қолмоқда. Меҳнат бозоридаги барқарорликнинг сақланиб қолиши, меҳнат ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг юқори ҳажмлари узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ва кўчмас мулкларга бўлган талабни ўсишига ва, ўз навбатида, ушбу бозорларда нархларни ошишига олиб келмоқда.

2022 йил давомида иқтисодиёт ташқи шароитларнинг ўзгаришига мослашиб борди. Ташқи иқтисодий хатарларнинг таъсири қисқа муддатли ва дастлабки баҳолашларга нисбатан пастроқ бўлиши ҳисобига экспорт ва трансчегаравий пул ўтказмалардан валюта тушумларининг ўсиши кузатилди. Жаҳон бозорларидаги нархлар динамикаси бўйича ижобий кутилмалар шаклланган бўлса-да, глобал иқтисодий фаоллик ва асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиётлари ўсиши бўйича прогнозлар пасайишининг салбий таъсири билан боғлиқ юқори ноаниқлик ва хатарлар сақланиб қолмоқда.

Макроиқтисодий ривожланишнинг прогнозларига кўра, I чоракда ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиши бўйича эҳтимоллик юқори ва 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5-5 фоизга ўсиши ва йиллик инфляциянинг 8,5-9,5 фоиз доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 16 мартга белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал, 21 апрель куни Марказий банк асосий ставкани йиллик 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.  2022 йил 9 июнда эса Марказий банк асосий ставкани 1 фоизга тушириб, 16 фоиз этиб белгилаган. 21 июлда эса 15 фоиз қилиб белгиланган8 сентябрда, 27 октябрда ва 15 декабрда 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилган эди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1