Тошкентдаги янги Олимпия шаҳарчаси қурилиши бошлангач ҳар 3 ойда халқаро экспертлар кўриб кетади

ЖАМИЯТ 26.01.2023, 21:26
Тошкентдаги янги Олимпия шаҳарчаси қурилиши бошлангач ҳар 3 ойда халқаро экспертлар кўриб кетади

Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Бош директори, Халқаро сузиш федерацияси президенти Ҳусайн Ал Мусаллам, Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё Олимпия кенгашининг Осиё ўйинлари департаменти Бош директори Ҳайдар Фармон билан Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинлари учун барпо этиладиган спорт объектлари лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги хабар берди. 

Йиғилишда вазир Адҳам Икрамов ва унинг биринчи ўринбосари Алишер Садуллаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов, Қурилиш вазирининг ўринбосари Шукруллобек Жаҳонгиров, Хитойнинг “Camce” компанияси муҳандислари иштирок этишди.

Даставвал, хитойлик муҳандислар лойиҳа ҳақида батафсил маълумот беришди. Олимпия шаҳарчасида барпо этиладиган ҳар бир объект, унинг параметрлари, қандай хом-ашёлардан қурилиши ҳақида тўхталиб ўтишди. 

Учрашувда ООК мутасаддилари ҳам ўз хулосаларини билдиришди. Хусусан, объектлар лойиҳасини яна бир бор халқаро федерацияларнинг экспертлари билан муҳокама қилиш, уларнинг талабларини ёддан кўтармаслик зарурлигини таъкидлашди. Шунингдек, ареналардаги акустика тизимидан тортиб, трансляция масалалари, томошабинлар ва фахрий меҳмонлар учун ажратиладиган секторларни шакллантириш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Якунда қурилиш жараёни бошлангач ҳар 3 ой давомида халқаро экспертлар пойтахтимизга ташриф буюриб, жараёнга баҳо бериб боришлари, қурилиш якунланганидан сўнг 2025 йилнинг март ойларида янги ареналарда синов мусобақаларини ўтказиш каби ғоялар илгари сурилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1