1

Ўзбекистонда 1 апрелгача ички бозорларга қўшимча пиёз киритилади

ЖАМИЯТ 28.01.2023, 20:16
Ўзбекистонда 1 апрелгача ички бозорларга қўшимча пиёз киритилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тонна пиёзни 1 апрелга қадар ички бозорларга киритиш чора-тадбирлари белгилангани ҳақида маълум қилди. Қайд этилишича, 23 январь куни ўтказилган мониторингларда сараланмаган пиёзнинг улгуржи нархлари ўртача 6 500 сўмни, деҳқон бозорларидаги арзонлаштирилган махсус расталарда 5000 сўмни, савдо марказлари ва супермаркетларда 7 700 сўмни ташкил этган. Пиёзнинг улгуржи нархи 1 январь кунига нисбатан 2 900 сўмга, махсус расталарда 2000 сўмга, савдо марказларида 3 550 сўмга ошган.

«Нархларнинг ошишига ҳаво ҳароратининг Ўзбекистон шароитида жуда кам кузатиладиган даражада кескин совуши оқибатида деҳқонлар ихтиёридаги пиёзнинг устки қисми музлаганлиги ҳамда айрим ёқилғи қуйиш шахобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилганлиги туфайли логистика нархларининг ошиши таъсир этган. Мазкур ҳолатлар эса маҳсулотни бозорга етказиш занжирида вақтинчалик узилишларга олиб келган», — дейилади хабарда.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда ҳукумат қарорига мувофиқ ҳудудларда ташкил этилган захираларда 51 минг тонна, аҳоли хонадонларида 200 минг тонна пиёз захираси мавжуд. Захирага жамғарилган маҳсулотларнинг барчаси туман ҳокимлиги ва департамент органлари билан биргаликда бозорларда ташкил этилган арзонлаштирилган махсус расталар ҳамда маҳаллалардаги кўчма савдо ярмаркалари орқали аҳолига манзилли равишда етказиб борилмоқда.

Ички истеъмол бозорини пиёзга бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлаш ҳамда нархларнинг ўсишини олдини олиш мақсадида 1 апрелга қадар қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тонна пиёзнинг бозорларга киритиш чора-тадбирлари белгилаб олинган. Республикадаги айрим ҳудудларнинг эҳтиёжидан ортиқ миқдорда етиштирилган пиёзни бошқа ҳудудларга манзилли етказиш мақсадида бозорлардаги қўшимча эҳтиёж кундалик мониторинг қилиб борилмоқда.

Ўз навбатида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов ўрнатилганини маълум қилди.

«Бошқа мамлакатларнинг Қозоғистон пиёзига бўлган ажиотаж талаби Осиё ва жаҳондаги энг йирик пиёз етиштирувчилардан бири бўлмиш Покистондаги табиий офатлар билан боғлиқ. Бу мамлакатдаги сув тошқинлари жаҳон миқёсида, жумладан, республикамиз бозорида ҳам пиёз нархи ошишига олиб келди. Аномал совуқ туфайли Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ушбу маҳсулот бой берилиши мазкур вазиятда қўшимча босим ўтказмоқда. Асосий пиёз етиштирувчилар ҳозирги кунда Қозоғистон пиёзини фаол равишда импорт қилмоқда», — дейилади Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1