Эроннинг Исфахон шаҳрида Мудофаа вазирлигининг учувчисиз самолётлар ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводига ҳужум уюштирилди.
Маълумотларга кўра, портлаш Эрон Мудофаа вазирлигининг ўқ-дорилар ишлаб чиқариш марказларидан бирида содир бўлган.
Исфахон раҳбарининг сиёсий хавфсизлик бўйича ўринбосари Муҳаммад-Ризо Жан Нишарининг айтишича, заводдаги портлаш “муваффақиятсиз” дрон ҳужуми туфайли содир бўлган.
“Олдиндан тайёрланган прогнозлар ва мудофаа чоралари туфайли дронлардан бири ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилган ва қолган иккитаси йўқ қилинди”, — деди у.
Расмийнинг айтишича, ҳаво ҳужуми натижасида завод томига озгина зарар етган, қурбонлар йўқ.
Шунингдек, у завод ҳужумига алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича тадбирлар ўтказаётганини айтган.






