Аввалроқ, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар “Темир жол” МФЙда жойлашган кўп қаватли уйда портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот берилди.
Унда айтилишича, уйдаги бир нечта хонадонларнинг том ва пол қисмлари ўпирилиб, 4-қаватдан 1-қаватгача тушиб кетган.
Ходиса оқибатида 2 нафар фуқаро, яъни 2003 йилда туғилган С.Ш. ва 2004 йилда туғилган З.А., куйиш жарохати олган ва зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиалига ётқизилган.
Ушбу воқеа юзасидан Тезкор штаб тузилган ва унинг бошчилигида бахтсиз ходиса содир бўлган уйда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда, шу жумладан ушбу уйда яшовчи фуқаролар хатловдан ўтказилиб, ўпирилган том ва пол қисмлари тагида фуқаролар бор-йўқлигига аниқлик киритиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, ушбу уйда яшаб келаётган қолган фукаролар эвакуация қилиниб, вактинчалик уй-жой ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланди.
Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеа юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.