Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилояти кенгаши тасарруфидаги Термиз автомобил мактабида 46 нафар афғонистонлик фуқаролар “Б” тоифаси бўйича ўқитилди. Бу ҳақда ташкилоти Матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси асосида ўқиган хорижликларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Матилда Димовска, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги вакиллари ушбу амалиёт Афғонистондаги қайта тиклаш ишларига кўрсатилаётган ёрдамлардан бири эканлигини, Ўзбекистонда яна кўплаб афғонистонликларни турли касбларга тайёрлаш ишлари давом эттирилишини билдирдилар. Шу ўринда Шарлотта Адриан ўзбекистонлик мутасаддиларга келгусида афғонистонлик аёлларни ҳамширалик иши бўйича ўқитиш таклифини билдирди.
Юқоридаги лойиҳа асосида Термиз туманида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида яна 35 нафар афғонистонлик тикувчилик касбига тайёрланди.






