1

Бўзсув канали ёқасида ҳоким қарори билан қурилаётган бино қурилиши тўхтатилди

ЖАМИЯТ 03.02.2023, 19:54
Бўзсув канали ёқасида ҳоким қарори билан қурилаётган бино қурилиши тўхтатилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўзсув канали бўйида “ТОШКЕНТ ЎРДАСИ” масъулияти чекланган жамияти томонидан ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Табиат ресурслари вазирлиги ҳолат бўйича расмий муносабат берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Экология ва Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ҳолат жойида ўрганилган.

Ўрганишлар давомида “ТОШКЕНТ   ЎРДАСИ” масъулияти чекланган жамияти  томонидан Бўзсув канали бўйи қирғоғида тўққиз қаватли меҳмонхона биноси қуриш учун  Тошкент шаҳар ҳокимининг 2014 йил 14 майда 406-сонли қарори қабул қилингани, бугунги кунда эса режалаштирилган ушбу бинонинг беш қавати қурилганлиги маълум бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг  2018 йил 13 июлдаги “Тошкент шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи канал ва коллекторларнинг қирғоқ бўйи минтақаларини белгилаш ҳақида”ги 1043-сонли қарорига асосан, Бўзсув каналининг қирғоқ бўйи кенглиги 15 метрни ташкил этиши белгиланган. 

Бироқ, ўрганиш жараёнида ушбу қурилиш биноси Бўзсув канали қирғоқ бўйидан 10 метр масофада жойлашганлиги, қурилиш ишларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасидан рухсатнома ҳамда  давлат экологик экспертизасининг  хулосаси олинмаганлиги аниқланди. 

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Экология бошқармаси томонидан қурилиш ташкилотига қурилиш ишларини тўхтатиш ва камчиликларни бартараф этиш бўйича огоҳлантириш берилди.

Шунингдек, қонун бузилиши юзасидан тўпланган ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли судга даъво аризаси киритиш чоралари кўрилмоқда. 

Натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1