АсосийJamiyat

ИИВ собиқ ходими, Нукус воқеалари бўйича қамалган Пўлат Шамшетовнинг кутилмаган вафоти бўйича Бош прокуратура баёнот берди

'ИИВ собиқ ходими, Нукус воқеалари бўйича қамалган Пўлат Шамшетовнинг кутилмаган вафоти бўйича Бош прокуратура баёнот берди'ning rasmi

Сал аввал Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Пўлат Шамшетов Нукус воқеалари бўйича ҳукм чиқарилгандан кўп ўтмай вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди. Шундан сўнг, унинг ўлими юзасидан Махсус комиссия текшириш ўтказишини маълум қилди

Айни пайтда ҳолат бўйича Бош прокуратура расмий баёнот берди. 

Маълум қилинишича, 2023 йил 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли  4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум Полат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) тўсатдан вафот этган.

Суднинг ҳукми билан П.Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва 6 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Мазкур кўздан кечириш жараёнларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, П.Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминланди.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган

Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун: Пўлат Шамшетов Қорақалпоғистоннинг биринчи президенти Даулетбай Шамшетовнинг ўғли бўлган.

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар