АсосийDunyo

⚡️ Туркияда зилзила қурбонлари сони 20 мингдан ошди

'⚡️ Туркияда зилзила қурбонлари сони 20 мингдан ошди'ning rasmi

Туркия жанубидаги даҳшатли зилзила қурбонлари сони 20 213 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа маълум қилди, дея хабар қилди "Анадолу" агентлиги. 

Яна 80 052 киши жароҳатланган, деди у.

Вазирнинг қўшимча қилишича, вайроналар остидан қутқарилган 20 мингга яқин кишига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиб, улар ҳаво, қуруқлик ва денгиз транспорти ёрдамида офат зонасидан олиб чиқилган.

Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (АФАД) маълумотларига кўра, зилзилалардан кейин 1666 та ер силкиниши қайд этилган.

Ҳозиргача офат ҳудудидан 86 754 киши эвакуация қилинган.

Хориждан келган қидирув-қутқарув ходимлари сони 7716 нафарни ташкил этди.

Табиий офат ҳудудига 12 026 та техника, асосан, экскаваторлар, эвакуаторлар, кранлар, бульдозерлар, автомашиналар, сув ташувчилар, тиркамалар, грейдерлар, канализация ва бошқа техникалар жўнатилди.

Бундан ташқари, Туркия Ҳарбий-ҳаво кучлари Олий қўмондонлиги, Қуруқлик қўшинлари, Соҳил қўриқлаш ва Жандармерия қўмондонлигига қарашли 166 авиация бўлинмаси офат ҳудудига 2139 та парвозни амалга ошириб, қутқарувчилар ва тиббиёт ходимларини етказиб, жабрланганларни бошқа шаҳарларга эвакуация қилди.

АФАД, Оила ва Ижтимоий Хизматлар Вазирлиги ва Қизил Ярим ой жамияти энг кўп зарар кўрган ҳудудларга 170 902 чодир ва 1 507 494 адёл юборди. 102 274 та оилавий чодир қуриб битказилди.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль, душанба куни эпицентри Қаҳрамонмарашда 7 баллдан ортиқ (маҳаллий вақт билан соат 04.17 да – 7,7 балл ва 13.24 да – 7,6 балл) эпицентри бўлган иккита зилзила содир бўлди.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик миллий мотам эълон қилди. Туркия давлат байроқлари бутун мамлакат бўйлаб яримга ҳилпиратилди.

Вайронкор зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Греция Кипр ва Ироқда ҳам сезилди.

    Бошқа янгиликлар