Сурхондарё вилояти Бандихон туманидаги Бағрикенг маҳалласида яшайдиган Бахтиёр Муҳаммадиев томорқаси 7 килограмлик шолғом етиштирди. Бу ҳақда УзА хабар берди.
Хабарда айтилишича, ўттиз йилдан буён 50 сотих томорқасида оила аъзолари билан деҳқончилик қилиб келаётган соҳибкор ҳосилни йиғиб бошлаганида бир донаси бир қучоқ келадиган шолғомга дуч келди.
"Турмуш ўртоғим билан ҳар йили томорқада маҳсулот етиштирамиз. Ҳали бунақанги ҳосил олмаганмиз. Бир донасининг оғирлиги етти килограммдан ошмоқда. Таъми ҳам мазали",–дейди Бахтиёр Муҳаммадиев.
Маълум бўлишича, шолғом етиштиришда ҳеч қандай минерал ўғит ёки махсус дорилардан фойдаланилмаган. Шолғом уруғи бозордан сотиб олиб, томорқага сепган холос.






