Юртимизда фан олимпиадаларини оммалаштириш, мактаб ўқувчиларининг халқаро олимпиадалардаги иштирокини янада кенгайтириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Айниқса, ўқувчиларнинг аниқ ва табиий фанлар бўйича турли хорижий давлатларда ўтказилаётган халқаро фан олимпиадаларидаги иштироки йилдан йилга ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан, халқаро олимпиадаларда юқори ўринларни эгаллаган ўқувчи-ёшлар учун қатор имтиёзлар кўзда тутилган.
Хусусан, Халқаро математика олимпиадаси, Халқаро физика олимпиадаси, Халқаро кимё олимпиадаси, Халқаро биология олимпиадаси ғолиблари давлат олий таълим муассасаларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинади.
Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1 — 3 ўринларни эгаллаган иштирокчилар ўз ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат билан тақдирланади.
Мазкур қарор асосида халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
- олтин медаль билан тақдирланган ўқувчилар — базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари (150 млн) ҳамда уларнинг ўқитувчилари — базавий ҳисоблашнинг 450 баравари (135 млн) миқдорида;
- кумуш медаль билан тақдирланган ўқувчилар — базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари (90 млн) ва уларнинг ўқитувчилари — базавий ҳисоблашнинг 250 баравари (75 млн) миқдорида;
- бронза медаль билан тақдирланган ўқувчилар — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 (60 млн) баравари ва уларнинг ўқитувчилари — базавий ҳисоблашнинг 150 баравари (45 млн) миқдоридаги пуб мукофотлари билан тақдирланиб келинмоқда.
Мамлакатимизда ўтказилаётган асосий олимпиадалар республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари ҳам турли миқдордаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланиб келинмоқда. Жумладан:
1-ўрин учун — базавий ҳисоблашнинг 50 баравари (15 млн);
2-ўрин учун — базавий ҳисоблашнинг 35 баравари (10,5 млн);
3-ўрин учун — базавий ҳисоблашнинг 30 баравари (9 млн) миқдоридаги мукофотларни олиб келишмоқда.
Халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорлари ҳам навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўлаш амалиёти жорий этилган.
Шунингдек, таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўлаб келинмоқда.
Сўнгги йиллар тарихига эътибор берсак, юртимиз ўқувчиларининг турли фан олимпиадаларидаги иштироки йилдан йилга ортиб борганлигини кузатиш мумкин. Эътиборлиси, 2022 йилдан бошлаб ўқувчиларни нуфузли халқаро олимпиадаларга тайёрлаш ва уларга зарур билим ва кўникмаларни ўргатиш мақсадида алоҳида тайёрлов дастури амалиётга жорий этилди.
Энг муҳим қадам сифатида, иштирокчи ўқувчиларнинг халқаро фан олимпиадаларга тайёрлаш жараёнлари илк бора пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида олиб борилди. Бу тайёрловда 17 нафар ўқувчилардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ва ҳамда келгуси йиллар учун резервга киритилган ҳамда саралаш олимпиадаларида юқори натижаларни қайд этган 50 нафар 9-10-синф ўқувчилари иштирок этишди.
Уларга математика, кимё, биология ва физика фанларидан АҚШ, Жанубий Корея, Россия давлатлари терма жамоаларини халқаро олимпиадаларга тайёрлашда бевосита иштирок этиб келаётган
6 нафар хорижий тренер-ўқитувчилар ҳамда турли йилларда халқаро олимпиадаларда медалларни қўлга киритган юртдошларимиз пухта билим беришди. Бу вақт давомида ушбу мутахассислар томонидан ўқувчилар иштирокида турли назарий ва амалий машғулотлар олиб борилди.
Мазкур тажриба йўлга қўйилишининг яна бир муҳим аҳамияти, ўқувчиларнинг руҳий тайёргарлигини ошириш баробарида иштирокчилар учун шу ернинг ўзида халқаро олимпиада муҳитини яратишдан иборатдир. Бу эса олимпиада имтиҳонлари жараёнида юртимиз иштирокчиларининг руҳий устунлиги ва ички хотиржамлигини таъминлайди.
Айтиш лозимки, ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари 2017 йилдан бошлаб хорижий давлатларда ўтказиб келинаётган энг нуфузли халқаро фан олимпиадаларда (IMO, ICHO, IBO, IPHO, IOI) ҳам муносиб иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Жумладан, 2017-2022 йиллар давомида ўтказилган ҳамда нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 4 та олтин, 13 та кумуш ва
20 та бронза, жами 37 та медални қўлга киритишган.
Агар бу натижаларни йиллар кўрсаткичи бўйича таснифласак, 2017 йилда — 1 та кумуш, 3 та бронза, 2018 йилда — 3 та бронза,
2019 йилда — 2 та кумуш, 6 бронза, 2020 йилда — 1 та олтин, 4 та кумуш, 1 та бронза, 2021 йилда — 3 та олтин, 2 та кумуш, 5 та бронза ҳамда 2022 йилда — 4 та кумуш, 2 та бронза медалларини ташкил этади.
Маълумот учун 2022 йилда нуфузли халқаро олимпиадаларда фанлар кесимидаги натижалар:
- Норвегияда ўтказилган 63-Халқаро математика олимпиадасида 1 та бронза;
- Хитойда ўтказилган 54-Халқаро кимё олимпиадасида 4 та кумуш; Арманистонда ўтказилган 33-Халқаро биология олимпиадасида мамлакатимиз ўқувчилари 1 та бронза
Кўриниб турибдики, юртдошларимизнинг нуфузли халқаро олимпиадалардаги иштироки ва қўлга киритган ютуқлари йилдан йилга ортиб бормоқда.
Шунингдек, ўзбекистонлик ёшлар нуфузли халқаро олимпиадалардан ташқари минтақавий халқаро олимпиадаларда ҳам кенг қамровда иштирок этиб келмоқда. 2017 йилда минтақавий халқаро олимпиадаларда жами 37 нафар ўқувчи иштирок этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 308 нафарга етди, бу ҳам мамлакатимизда иқтидорли ўқувчиларнинг илм-фанга қизиқишининг ортганидан, таълим соҳасига берилаётган юксак эътибордан далолат беради.
Энг сўнгги кўрсаткич сифатида 2022 йилда ўзбекистонлик ўқувчиларнинг турли халқаро олимпиадалардаги иштирокини таҳлилий келтириб ўтиш жоиздир. Ўтаётган 2022 йил давомида юртимиздаги иқтидорли ўқувчиларнинг турли минтақавий халқаро олимпиадаларда муносиб иштирок этишди ҳамда 6 та минтақавий халқаро олимпиадаларда умумий ҳисобда 3 та олтин, 13 та кумуш, 23 та бронза жами 39 та медалларни қўлга киритишди. Жумладан:
Қозоғистонда ўтказилган 18-Халқаро Жаутиков олимпиадасида(IZHO) 2 та кумуш, 6 та бронза;
Адигея Республикасида ўтказилган 7-Кавказ математика олимпиадасида 1 та олтин, 5 та кумуш, 1 та бронза;
Ўзбекистонда ўтказилган Кимё фани бўйича 56-Халқаро Менделеев олимпиадасида 1 та олтин, 4 та кумуш, 5 та бронза;
Индонезияда ўтказилган 28-Халқаро математика олимпиадасида 2 та бронза медалига эга бўлишди.
Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадасида 1 та олтин, 2 та кумуш, 5 та бронза;
Халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадасида(IJSO) 4 та бронза медаллари қўлга киритилган.
Бундан ташқари:
- Индонезияда ўтказилган 34-Халқаро информатика олимпиадасида;
- Швейцарияда ўтказилган 52-Халқаро физика олимпиадасида;
- Германияда ўтказилган Халқаро Немис тили олимпиадасида;
Хитойда ўтказилган Халқаро иқтисод олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этишди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Фан олимпиадалари йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Олимпиадаларда ғолиб бўлаётган ўқувчи ва уларнинг устозларини рағбатлантириш мақсадида катта маблағлар йўналтирилмоқда. Хусусан Нуфузли халқаро олимпиадаларда совриндор бўлган ўқувчилар ва уларнинг устозлари учун 2019 йилдан буён 4,1 млрд сўмлик пул мукофотлари ажратилди.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Минтақавий халқаро фан олимпиадалари асосий олимпиаданинг Республика босқичига тенглаштирилган ва ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозлари Республика олимпиадаси совриндорлари каби раҳбатлантирилиши йўлга қўйилди, биргина ўтган ўқув йилида минтақавий халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган 39 нафар ўқувчи ва уларнинг устозларини рағбатлантириш учун 470 млн сўм миқдорида пул мукофотлари берилди.
Бундан ташқари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб асосий фан олимпиадасининг III(вилоят) босқичи ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлаш ҳукуматнинг тегишли қарори билан амалиётга жорий қилинди.
2021/2022 ўқув йилидан вилоят босқичи ғолибларига 2,4 млрд сўм ажратилган бўлса, 2022/2023 ўқув йилида қарийб 3 млрд сўм бюжджет маблағлари йўналтирилди.
Республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозини рағбатлантириш учун 2,9 млрд сўм пул маблағлари ва 500 сўмлик қимматбаҳо совғалар ажратилди
Қолаверса, асосий олимпиаданинг вилоят ва республика босқичида, халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоасини саралаш босқичларида иштирок этадиган ҳакамлар ҳайъати аъзоларига иш ҳақи тўлаш йўлга қўйилди.
Бу мақсадда 2021/2022 ўқув йилида қарийб 1,8 млрд сўм, 2022/2023 ўқув йилининг ҳозирги кунига қадар 2 млрд сўм маблағлар йўналтирилди. Авваллари ҳакамлар ҳайъати аъзолари текинга фаолият юритган бўлиб, ишлар "ҳашар йўли" билан ташкил қилинганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиздир.
Албатта, ушбу ютуқлар ортида катта меҳнат ва ҳаракат мужассам. Хоҳ маҳаллий, хоҳ халқаро даражада бўлсин, олимпиада мусобақаларида муносиб ўрин эгаллаш ҳам иштирокчи ўқувчилардан, ҳам уларнинг устозларидан катта ҳаракат ва билим талаб этади.
Шу ўринда айтиш лозимки, чет эллик ёшларнинг ўзбек тили ва адабиётига бўлган қизиқишини ошириш, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини юксалтириш мақсадида юртимизда илк бора Халқаро ўзбек тили ва адабиёти фан олимпиадаси ўтказилди.
15-17 ёш ўқувчилар ўртасида ўтказилган ушбуонлайн олимпиадада АҚШ, Афғонистон, Белоруссия, Россия, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари ҳамда юртимиздаги таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган мактабларда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.
Олимпиада натижаларига кўра, хорижий фуқаролар ва мамлакатимиз ўқувчилари алоҳида тартибда баҳоланди ва ҳар бир йўналишнинг 1-,2-,3-ўринлари бўйича 6 нафардан, жами 12 нафар ғолиб аниқланди ҳамда муносиб тақдирланди.
Жорий йилда ҳам ўқувчиларнинг турли олимпиада мусобақаларига кенг жалб этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, халқаро даражада ўтказиладиган минтақавий ва нуфузли олимпиадаларда ўзбекистонлик ўқувчилар иштирокини янада кенгайтириш, 7-8 синф ўқувчилари ўртасида Ал-Хоразмий номидаги ёш математиклар халқаро олимпиадаси, Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадасини ташкил этиш кўзда тутилган.
Айни вақтда ушбу мусобақаларни кенг миқёсда ташкиллаштириш ва юқори савияда ўтказиш мақсадида барча зарур чоралар кўрилмоқда.






