АҚШ Украинани Қримни қайтариш бўйича ҳаракатларга ундамаяпти. Бу ҳақда Қўшма Штатлар давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди, дея хабар бермоқда Zamon.uz.
Америка маъмурияти Киевнинг Қримга эҳтимолий ҳужумини Россия учун “қизил чизиқ” деб ҳисобламоқда. Politico газетасига кўра, Блинкен экспертлар гуруҳи билан онлайн мулоқот пайтида бу ҳаракатлар Москва томонидан улкан жавоб чораларига олиб келишини айтган. Шу билан бирга яриморол бўйича ҳарбий амалиёт ўтказиш қарори Вашингтонда эмас, Киевда қабул қилиниши таъкидланган.
Politico’нинг тўртта манбаси АҚШ ёрдами Украинанинг шарқдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилганини қайд этган.
Украина бундан аввал бир неча бор Қрим устидан назоратни тиклаш нияти ҳақида маълум қилган. Америка разведкасининг фикрича, Киевда яриморолга ҳужум учун ресурслар етарли эмас.






