Туркия жанубидаги Ҳатай вилоятида вайронагарчиликли зилзиладан кейин 13-куни вайроналар остидан 3 киши қутқариб олинди. Бу ҳақда "Анадолу" хабар қилди.
Қутқарувчилар Антакя шаҳридаги Туркманбоши кўчаси бўйлаб генерал Шукру Канатли кварталидаги уйлардан бирининг вайроналарини саралаш чоғида Самир Муҳаммед ва Рагда Аджар эр-хотинни ҳамда уларнинг фарзандини аниқлашди. Ҳар учаласи ҳам ер силкинишидан кейин 296-соатда вайроналар остидан чиқарилди.
Шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, 12 ёшли бола вафот этди. Зилзила оқибатида бу оиланинг икки фарзанди ҳалок бўлгани маълум бўлди. Рагда Аджар вертолётда Адана шаҳридаги шифохонага юборилган.
Айни пайтда эпицентри Туркиянинг Қаҳраманмараш вилоятида содир бўлган икки вайронкор зилзила қурбонлари сони 40 642 кишига етди. Бу ҳақда Туркия ҳукумати ҳузуридаги Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларга қарши кураш бошқармаси (АФАД) раҳбари Юнус Сезер шанба куни Анқарада ўтказилган брифингда маълум қилди.
Унга кўра, офат ҳудудида қидирув-қутқарув ишларини 19 февраль, якшанба куни якунлаш режалаштирилган.
“Ҳозирда қидирув-қутқарув ишларида 13 мингга яқин киши иштирок этмоқда. Чет элдан ёрдамга келганларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. 80 та давлатдан келган қутқарувчиларнинг бир қисми аллақачон ўз ватанларига қайтишган”, — деди АФАД раҳбари.
Сезер, ер силкинишидан зарар кўрган вилоятларнинг уй-жой фондининг 50 фоиздан ортиғи ҳолатини кузатиш якунланганини айтди.
АФАД раҳбарининг таъкидлашича, фақат ўзи бошқарган бўлим орқали 430 мингдан ортиқ одам офат зонасидан эвакуация қилинган.