Айрим оммавий ахборот воситаларида Туркияда зилзила қурбонлари орасида шахси аниқланмаган мурдалар кимсасиз қабристонларга кўмилаётгани айтилган хабарлар тарқалди. Туркия республикаси президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси ушбу хабарларни рад этди.
Таъкидланишича, зилзила сабаб ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш синчковлик билан амалга оширилиб, жасадлари зудлик билан яқинларига етказилмоқда.
Маълум қилинишича, қидирув-қутқарув ишлари давомида топилган ва шахсини аниқлаш имкони бўлмаган жасадлар учун шахсини аниқлаш мақсадида махсус фотосуратлар олиниб, бармоқ излари ва ДНК намуналари олингандан сўнг мурдага рақам берилади ва қайд қилинади. Жасадларнинг дафн этилиш рухсатномаси расмийлаштирилганидан сўнг, жой ва қабристон рақамланиб, баённома билан қайд қилинади ва жасад дафн этилади. Кейинчалик унинг қариндошлари чиқса бармоқ излари ва ДНК намуналари орқали шахсига аниқлик киритилиб, қабрга унинг номи ёзилади.