Хабарингиз бор, 6 февраль куни Туркияда юз берган зилзиладан сўнг Ўзбекистон биринчилардан бўлиб қардош мамлакатга қутқарувчилар гуруҳини юборди.
Бугун, 25 февраль тонгги 8:30 да эса қутқарувчилар гуруҳи Тошкентга қайтишди.
darakchi.uz мухбири қутқарувчиларни кутиб олиш жараёнида иштирок этиб улар билан суҳбатлашди.
Эслатиб ўтамиз, Мудофаа вазирлиги бўлинмалари ҳам қидирув-қутқарув ишларида иштирок этган. Шунингдек, 170 тонна гуманитар ёрдам ҳам жўнатилган.

Ўзбекистонлик қутқарувчиларни кутиб олиш учун аэропортга Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси ва шу ерда яшовчи турклар ҳам чиқишди.
"Қутқарувчилар ўз жонини хатарга қўйиб қанчадан-қанча тирикларни қутқарди"
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар журналистлар билан суҳбатлашар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга, шунингдек, ҳукуматга, Мудофаа вазирлигига, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ва ўзбек халқига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдирди.

"Қутқарувчилар елкасига жуда мураккаб вазифалар юкланди ва гуруҳнинг ҳар бир аъзоси уни муваффақиятли бажарди. Улар ўз жонини хатарга қўйиб, қанчадан-қанча тирикларни қутқарди. Турк ҳукумати ва халқи Ўзбекистон кўрсатган бундай ёрдамни ҳеч қачон унутмайди", - дейди элчи Олган Бекар.

Туркияда 18 кунлик қидирув-қутқарув ишларида Ўзбекистон қутқарувчилари вайроналар остидан 18 нафар тирик одам ва 200 га яқин жасадларни олиб чиқдилар.
"24/7 режимида ишладик"
Турдиали Абдуғаниев, ФВВ қидирув-қутқарув ишлари кинолог қутқарувчиси, оддий аскар:
— Зилзила бўлган ҳудудларда 24/7 режимида, навбатчилик асосида ишладик. Яшаш жойимиз кўчадаги чодирлар бўлди. Деярли ҳар икки кунда бир ер қимирлаб тургани учун биноларга киришга рухсат берилмади.
Биз қутқарувчиларга яхши ёрдамчи бу итларимиз бўлди. Умумий 4 та ит билан борган бўлсак, айнан менинг итим 20 та инсонни топди.
Туркиядаги зилзилада у ерлик аҳолига оз бўлса-да ёрдамимиз текканидан ҳурсандмиз.





