АсосийJamiyat

Тошкентда ногирон фарзандининг дориларини ноқонуний сотган отага ҳукм ўқилди

'Тошкентда ногирон фарзандининг дориларини ноқонуний сотган отага ҳукм ўқилди'ning rasmi

Тошкентда II гуруҳ ногирони бўлган фарзандининг дориларини ноқонуний сотган 31 ёшли отага ҳукм ўқилди.  Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди Матбуот хизмати "Darakchi.uz"ги маълум қилди.

Гап шундаки, судланувчи Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Remdesivir”, Украинада ишлаб чиқарилган “Цереброкурин” дори воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари Давлат реестрида рўйхатга олинмагани, дори воситаларининг ушбу серияларига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмагани ҳамда фармацевтика фаолиятини амалга ошириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилиши белгиланганлигини билган. Шунга қарамай, қонунга хилоф равишда супермаркет автотураргоҳида харидорга 20 дона “Remdesivir 100 mg Jubi-R” дори воситасининг ҳар бирини 900 000 сўмдан ҳисоблаб 1 700 АҚШ долларига, 20 қути “Цереброкурин”нинг ҳар бир қутисини 410 АҚШ долларидан ҳисоблаб 8 200 АҚШ долларига, жами 9 900 АҚШ долларига сотган. Мижоз билан айни савдо қизиган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” давлат унитар корхонаси маълумотига кўра, фармацевтика фаолиятини амалга ошириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида дорихоналарда ва уларнинг филиалларида реализация қилиниши шарт. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-боб 1-бандида белгиланган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг дорихоналардан ташқарида сотиш тақиқланиши ҳақидаги талаблари бузилганлиги кўрсатилган.

“Тошкент шаҳар Дори-дармон” акциядорлик жамиятининг маълумотига кўра, “Remdesivir” ва “Цереброкурин” дори воситаларининг умумий қиймати 99 926 520 сўмни ташкил этиши маълум қилинган.

— Нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди ва “Цереброкурин” дори воситаси топиб беришимни сўради. Аввалига рад қилдим, бир неча маротаба сўраганидан сўнг рози бўлдим. Сабаби отам оғир касаллиги туфайли операция учун катта пул жудаям зарур эди. Харидор аёл “Remdesivir” дори воситасини ҳам топиб беришимни сўради. Харидор 20 қути “Цереброкурин”ни сотиб олишини билдирганида, ушбу дорининг ҳар бир донасини 410 АҚШ долларидан сотишимни айтдим. У рози бўлиб, “Remdesivir”ни топгунимча 10 минг АҚШ долларига мослаб олиб келиб беришимни сўради. Унга “Remdesivir”нинг ҳар бир қутисининг нархи 900 000 сўмдан эканини айтдим ва автотураргоҳда учрашишга келишдик. “Remdesivir” ва “Цереброкурин”ни жами 9 900 АҚШ долларига сотишга келишганман. 

Харидор билан кўришиб, пулларни олган вақтимда ёнимга фуқаролик кийимда бир нечта шахслар келиб, ўзларини таништиришди. Уларга ҳам ҳолатни маълум қилдим, яъни дори воситаларини отамнинг операциясига пул керак бўлгани учун сотганимни, уларни сотиб даромад кўриш мақсадим бўлмаганини айтдим. “Цереброкурин”ни менга ногирон ўғлимни соғлигини тиклаш учун фуқаролар эҳсон қилишганди. Чунки ногирон ўғлим ушбу дорини истеъмол қилади. “Цереброкурин”ни уйда музлаткичда сақлаганман, дори маҳсулотларини сотиш билан шуғулланмайман. Дори воситаларининг дорихонадан ташқарида сотиш ноқонунийлигини билмаганман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, - дея отаси жуда оғир касаллиги, оилада ягона боқувчи эканини инобатга олиб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган судланувчи.

 

Жиноят ишлари бўйича М.Улуғбек туман суди судьяси Музаффар Кукиевга кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 3 йил синов муддати белгиланган.

Маълумот учун: Жиноят кодексининг 186-3-моддаси - сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш.

    Бошқа янгиликлар