Истеъдодли шоир ва журналист Акмал Тошев (Акмал Тош) вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фозил Фарҳод маълум қилди.
Акмал Тошев 1985 йил 6 апрелида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқтош қишлоғида туғилган. 1992-2003 йиллар қишлоқдаги 41-умумтаълим мактабида ўқиган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида журналистика факултетида бакалавр йўнилишини (2004-2008), магистратура босқичида (2011-2013) таҳсил олган.
“XXI asr”, “Ишонч” газеталари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати фаолият юритган журналист сўнгги уч йилдан буён “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журнали бирлашган таҳририятида ишлаб келаётганди.
Маълум қилинишича, унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.
Darakchi.uz таҳририяти жамоаси марҳумнинг яқинларига таъзия билдиради.
Эслатиб ўтамиз, кеча Россиянинг “Бюллетен кинопрокатчика” журнали бош муҳаррири 37 ёшли Александр Нечаевнинг жасади Тошкент шаҳридаги квартиралардан бирида топилган эди.






