EPS-Topik тест имтиҳонида бошқа фуқаро ўрнига кирмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Корея Республикасида ишлаш истагидаги фуқаролар учун Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган EPS-Topik тестида имтиҳон тартибларига риоя қилмасликнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантирилганига қарамай, рўйхатдан ўтган фуқаро O.O. ўрнига бошқа фуқаро киришга уринган вақтида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари томонидан ушлаб қолинди.
Ушбу ҳолат баёнлаштирилиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилди.
"Тест имтиҳони қоидаларини бузган фуқаро 2 йил давомида ушбу имтиҳонда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлиши ҳамда қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз. Имтиҳон жараёнида барча тартиб-қоидаларга риоя қилишга чақирамиз!" - дейилади хабарда.






