Хабарингиз бор бугун, 16 март куни Туркия пойтахти Анқарада бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқ сўзлади.
Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бутун турк халқини кутилаётган Президенти сайловида мамлакатнинг амалдаги Президенти ва “Адолат ва тараққиёт” партиясидан номзод Ражаб Тойиб Эрдўғанга овоз беришга чақирди.
“Ташкилотимизнинг қатор давлатлари сиёсий воқеалар, хусусан, муҳим сайловлар арафасида турибди. Ушбу муҳим тадбирлар юқори савияда ва муваффақиятли ўтишини чин дилдан тилаб қоламан.
Жорий йилда Туркия Республикаси ташкил топганининг қутлуғ 100 йиллиги нишонланади”, деб гап бошлади Мирзиёев.
У сўнгги йигирма йилда Ражаб Тойиб Эрдўған раҳбарлигида Туркия Жумҳуриятининг халқаро майдондаги обрў ва нуфузи кескин юксалгани, давлатнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатдаги ўрни ва таъсири изчил ортиб бораётганини эътироф этди.
“Замонавий ва қудратли Туркиянинг бугунги барча ютуқларида ва эришаётган улкан марраларида ҳурматли Президентнинг мислсиз хизматлари борлигини алоҳида эътироф этамиз. Шу боис, барча қардош халқларимиз номидан турк элига мурожаат этиб, сайловларда муҳтарам Ражаб Тойиб Эрдўған номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Бизнинг ана шу умумий истагимиз бугун қабул қилинаётган Анқара декларациясида ўзининг ифодасини топиши айни муддаодир”, дейди Шавкат Мирзиёев.