Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.
Бугунги кунда давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойларининг сони 287 тага етказилиб, жами 109504 нафар талабаларни жойлаштириш имконияти яратилди.
Жорий йилда ётоқхоналарни барпо этиш бўйича жами 28 526 ўринли 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 19576 ўринли 40 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан 3450 ўринли 7 та, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан 3 900 ўринли 8 та ҳамда инвестиция дастури доирасида 1 600 ўринли 3 та лойиҳада тегишли ишлар амалга ошириляпти.
Айни дамда республика бўйича жами 16 466 ўринли 31 та лойиҳада қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Ушбу биноларга замон талабларига мос равишда қуёш панеллари ўрнатилиб, ташқи девор қисми базальт иссиқликни таъминловчи материал билан қопланади.






