АсосийJamiyat

1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади

'1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади'ning rasmi

Президент раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Охирги икки йилда жаҳонда озиқ-овқат инфляцияси йилига 15-20 фоиздан пасаймаётгани, ўсимлик ёғи, сут ва гўштнинг жаҳон нархи сўнгги 30 йилдаги, дон маҳсулотлари ва шакар эса сўнгги 10 йилдаги энг юқори даражага кўтарилгани қайд этилди.

Экспорт-импортда логистика, ўғит ва ёқилғи харажатлари ошиб кетгани ҳам озиқ-овқат нархларига ўз таъсирини кўрсатаяпти. Таҳлилларга кўра, бу ҳолат 2023 йилда ҳам, келгуси йилларда ҳам сақланиб қолади.

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга 200 минг гектар ер ажратилгани, 500 минг гектар қўшимча ерлар оборотга киритилгани ички бозордаги нарх-навони барқарор ушлаб туриш ва экспортни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

- Лекин, аҳолимиз сони ўсиб бораётгани, жаҳондаги нобарқарор вазият, логистикадаги узилишлар озиқ-овқатни кўпайтириш бўйича олдимизга янада катта вазифаларни қўймоқда, - деди давлатимиз раҳбари.

Шу муносабат билан вилоят, туман ҳокимлари озиқ-овқатни кўпайтириш, одамларни банд қилиш бўйича қўшимча имкониятларни излаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда айрим туманлар уларга озиқ-овқат учун 70 минг гектар қўшимча майдон берилганига қарамасдан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини ўзи таъминлай олмаётгани танқид қилинди.

Ҳокимлар мавжуд озиқ-овқат майдонларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга оширишда ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди. 

Шу муносабат билан ҳамда аҳоли дастурхонининг тўкин-сочинлигини ўйлаб, йил охиригача озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича импорт божларидан имтиёз берилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Бу орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратилади.

    Бошқа янгиликлар