АсосийJamiyat

"Қонун бор эди, бироқ ишламади"

'"Қонун бор эди, бироқ ишламади"'ning rasmi

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунни имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Хўш, энди ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилмайдими, уларга вазифасидан ташқари иш буюрганлар қандай жазоланади? Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходими Жамолиддин Фозилов саволларимизга жавоб берди.

 

Қонун бор эди, бироқ ишламади

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 27 март куни “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни имзоланди.

Ушбу ҳужжатда таълим муассасасининг педагогларини ўз хизмат вазифаларидан ташқари ишларга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини, уларни рўёбга чиқариш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур масалада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон қарорига мувофиқ, таълим муассасалари ўқитувчиларидан ўз вазифасидан ташқари қўшимча маълумотлар талаб қилиш, уларни хизмат вазифаларига боғлиқ бўлмаган мажбурий меҳнатга, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб этиш таъқиқланган эди. 

Бироқ, педагогларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари давом этаётган эди.

Жумладан:

  • педагоглар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларни ҳал этиш учун тузилган кўплаб ишчи гуруҳлар таркибига асоссиз киритиш;
  • улардан турли ҳисобот ва ахборотлар талаб қили;
  • маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар, кўргазмаларни ташкил этиш;
  • туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилиш;
  • ҳокимликларга битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича ҳисобот тақдим этиш;
  • ҳокимлик ва бошқа ташкилотларнинг ишчи гуруҳларига жалб этилган ҳолда маҳаллада, бошқа ижтимоий соҳа обектларини ўрганишларда иштирок этиш ва ҳоказолар.

 

Уч йилда 350 нафар педагог мажбурланган 

 

– Маълумотларга асосан сўнгги уч йил давомида 350 нафарга яқин педагоглар мажбурий меҳнатга жалб этилган.

Мен ўйлайманки, бунинг асосий сабабларидан бири жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар ўқитувчини бошқа қўшимча ишларга жалб этиш оқибатида мактабларда педагогларнинг таълим бериш жараёнларига тўлиқ тайёрланиши, ўқувчиларга сифатли таълим бериш ишларига салбий таъсир кўрсатишини тўлиқ англай олмаганликлари ва эскидан қолган буйруқбозликдан ҳали-ҳануз воз кеча олмаётганликларини оқибатидир.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши эса ўқитувчиларнинг иш самарадорлигини ошириш ва лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифаларга жалб этиш жараёнларига барҳам бериш орқали педагогларнинг жамиятда нуфузини мустаҳкамлашга, оширишга олиб келади деб ҳисоблайман.

 

Энди айбдорлар қандай жазоланади?

 

– Қонунгакўра, педагогходимнимеҳнатгабирон-биршаклдамаъмурийтарздамажбурлашучунмаъмурийважиноийжавобгарликларкучайтирилди. 

Жумладан:

умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 30 млн сўмгача жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 45 млн. сўмгача жарима билан жазоланиши мумкин.

Жиноят кодексида ҳам педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун, агар худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 45 млн. сўмдан 60 млн. сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.

Шунингдек, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда бу қилмиш учун фуқароларга 2,1 млн. сўмдан 4,5 млн. сўмгача жарима, мансабдор шахсларга эса 3 млн. сўмдан 6 млн. сўмгача жарима белгиланмоқда Эндиликда ушбу қилмишни такроран содир этган мансабдор шахсларга нисбатан 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланиши мумкин.

Ушбу Қонун таълим муассасасининг педагог ходимини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтириб, жамиятда қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга ҳамда Педагог ходимларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар