1

Тошкентда Ўзбекистонда биринчи автоматлаштирилган санитар-гигиеник шохобча ишга туширилди

ЖАМИЯТ 29.03.2023, 21:38
Тошкентда Ўзбекистонда биринчи автоматлаштирилган санитар-гигиеник шохобча ишга туширилди

Бугун, 29 март куни Тошкентда санитария-гигиеник шохобчасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Миробод тумани, Локомотив кўчасида жойлашган ушбу шохобча эркаклар, аёллар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган ҳожатхоналар, ювиниш хонаси ҳамда ходимлар учун мўлжалланган хонани ўз ичига олган. Бу Ўзбекистондаги биринчи автоматлаштирилган санитар-гигиеник шохобча ҳисобланади.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Маданият ва туризм вазирлигининг ташаббуси билан тадбиркорлик субектларига замонавий санитар-гигиеник шохобчаларни қуриш учун 80 – 100 квадрат метр ўлчамда ер майдонларини электрон ауционга қўймасдан олиш имконияти яратилганди, – деди Маданият ва туризм вазирлиги бўлим бошлиғи Муҳайё Ҳайитова. – Мазкур имтиёз натижасида республика бўйича 150 нафардан ортиқ тадбиркорлик субектларига замонавий санитар-гигиеник шохобчалар қуриш учун тегишли ер майдонлари ажратилди. Шу жумалан, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли қарори билан Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Локоматив кўчаси, 4-уй, 5-хонадон ёнидаги бўш турган ер майдони тадбиркор фуқаро Камолиддин Данабоевга замонавий санитар-гигиеник шохобча қуриш учун берилди. Тадбиркор эса бугун барча қулайликларга эга, автоматлаштирилган, смарт режими асосида ишлайдиган шохобчани фойдаланишга топширди. Келгусида бундай шохобчаларнинг сонини янада ошириш, бошқа ҳудудларда ҳам кун-у тун ишлайдиган шохобчалар қуриш режалаштирилган”.

Таъкидлаш жоизки, мазкур шохобчанинг бошқа шу сингари шохобчалардан асосий афзаллиги унинг автомат режимда ишлаши ва энг замонавий санитар-гигиеник мосламалар билан жиҳозланганлигидир. Қолаверса, унда жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали ота-оналар қулай фойдаланишлари учун ҳам имкониятлар яратилган.

“Маданият ва туризм вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёрдамида замонавий, ҳамма талабга жавоб берадиган шохобчани қуриб битказдик, — деди тадбиркор Камолиддин Данабоев. – Шохобчани қуришда Хитой, Беларус, Россия каби хорижий давлатлардан келтирилган замонавий техника воситаларидан фойдаландик. Аҳолининг ҳар бир қатлами учун қулайлик яратишга ҳаракат қилдик. Шохобчамиз автоматлаштирилган режимда ишлайди. Ҳар бир жараён учун алоҳида вақт белгиланган. Агар, масалан, ҳожатхонага кирган фуқаронинг саломатлигида бирор муаммо юзага келса ёки бошқа сабаб билан узоқ қолиб кетса, сигнал чалинади ва огоҳлантирилади. Шунингдек, аёллар ҳожатхонасида алоҳида автоматик тарзда ишлайдиган савдо бурчаги ташкил этилган. Бунда аёллар фарзандлари учун памперс ва шунга ўхшаш нарсаларни харид қилишлари мумкин. Шохобчамиз кун-у тун ишлайди”.

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов мазкур шохобчанинг айнан ногиронлиги бор инсонларга қулайликлари ҳақида гапирди.

“Ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган ҳожатхона жуда қулай. Негаки ичи жуда кенг, аравачада бемалол ҳаракатланиш мумкин. Бундан ташқари, фавқулотда вазиятлар учун мўлжалланган СОС тугмаси бор, яъни ногиронлиги бўлган шахс агар саломатлигида бирор муаммо юзага келса, шу тугмачани босиб, ёрдам чақириши мумкин. Умуман олганда, ҳар бир деталга алоҳида эътибор қаратилган. Бундай санитар-гигиеник шохобчаларни янада кўпайтириш лозим”, — деди Ойбек Исоқов.

Қайд этиш керакки, айни дамда мазкур шохобчада иш ўринлари ҳам яратилмоқда.

Маълумот учун, 2017 йилда жами 200 та санитар-гигиеник шохобча фаолият юритган бўлса, 2022 йилга келиб уларнинг сони 7594 тага етди. Шулардан 3921 таси янги қурилган, 3673 таси эса қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1