1

Тошкентда кетма-кет ўғрилик қилган шахс ўта хавфли рецидивист деб топилди

ЖАМИЯТ 29.03.2023, 22:46
Тошкентда кетма-кет ўғрилик қилган шахс ўта хавфли рецидивист деб топилди

Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида кетма-кет ўғриликларни содир этган судланувчига ҳукм ўқилди. У бу сафарги жинояти учун 9 йилга озодликдан маҳрум этилиб, хавфли рецидивист деб топилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Қайд этилишича, судланувчи бунгача бир неча марта судланиб, озодликдан маҳрум этилган. Шундай бўлишига қарамасдан, у яна жиноят содир этган. Судланувчи 4 та хонадонга кириб, жами 88 миллион сўмлик тилла-тақинчоқлар, 450 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар ва бир дона “Canon” номли фотоаппаратни ўғирлаб, уларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Судланувчи 2022 йил 10 март куни Олмазор туманидаги Фаробоий кўчасидаги кўп қаватли уйга ғайриқонуний кириб, ётоқхонадаги шкаф устидаги баҳоси 47 миллион сўмлик тилла-тақинчоқлар ва 450 АҚШ долларини ўғирлаган.

Судланувчининг тергов жараёнида айтган сўзларига кўра, у Олмазор туманидаги Мойариқ кўчасида жойлашган уйда ҳам ўғрилик содир этган. Хонадон эшигини олдиндан тайёрлаб қўйган калитлар ва “фольга” қоғози ёрдамида очиб кириб, тахминан уч-тўртта тилла буюмни ўғирлаган. Уларни Қўқон шаҳрига олиб бориб, ўша ерда бозорда пуллаб юборган. 

Шу билан кифояланиб қолмасдан судланувчи ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яна иккита хонадонни тунаган. Хонадонлардан баҳоси саккиз ва ўн уч миллион сўмлик тилла-тақинчоқларни ва бир дона фотоаппаратни ўғирлаб воқеа жойидан яширинган. 

Суд ҳукмига кўра, мазкур шахс Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида унга олдин тайинланган жазони қисман қўшиш билан узил-кесил ўташ учун 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилди.

Шунингдек, судланувчи Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисмига биноан ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1