Туркманистонда мамлакатнинг ҳозирги президентининг отаси Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига аталадиган янги шаҳар қурилиши учун қарийб беш миллиард доллар сарфланади.
Ахал вилоятининг янги маъмурий маркази шаҳар мақомини олади ва уни "Арқадағ" (Қаҳрамон ҳимоячи) деб аташади. Бу Бердимуҳамедовнинг расмий унвони бўлиб, у президентликдан кетганидан кейин ҳам бу унвонни ўзида сақлаб қолган.
Янги шаҳар пойтахт Ашхободдан 30 километр масофада барпо этилади. Бердимуҳамедов мулозимларга буни "Гиннес рекордлари" китобига киритишни буюрган, аммо айнан қандай қилиблигига аниқлик киритилмаган. Бу шаҳар аҳолиси якунда 73 минг кишини ташкил этиши керак.
"Арқадағ шаҳри қурилишининг биринчи босқичи 3,3 миллиард долларга тушади. Бизнинг баҳоларимизга кўра, иккинчи босқичга тахминан 1,5 миллиард доллар керак бўлади", дея хабар қилган шаҳар қурилиши учун масъул бўлган давлат қўмитасига раҳбарлик қилаётган Дерягелди Оразов.